«Америка мудофаага тайёрланмаган». АҚШ базаларидаги Эрон зарбалари оқибатлари акс этган суратлар эълон қилинди
|19:347 8227 мин
Бу суратлар Пентагон назорат органи ўз ҳисоботида Американинг Яқин Шарқдаги базаларида юзлаб бино ва иншоотлар Эрон зарбалари оқибатида шикастлангани ва вайрон бўлганини маълум қилиши ортидан эълон қилинди.
Америкадаги CBS телекомпанияси Эрон зарбаларидан кейин АҚШнинг Яқин Шарқдаги қатор объектларида юзага келган вайронгарчиликлар кўламидан гувоҳлик берувчи кадрларни қўлга киритди.
Ҳарбий хизматчилар томонидан тақдим этилган фотосуратларда иккига бўлиниб кетган радар самолёт, ер билан битта бўлган трейлерлар ва кучли шикастланган бинони кўриш мумкин.
Фотосуратлар (саналар келтирилмаган) АҚШнинг Саудия Арабистони ва Кувайтдаги базалари ҳамда объектларида олинган.
Ҳарбий хизматчилардан бири телеканалга аноним тарзда шундай деган: «Бу базаларимизга етказилган жиддий шикастланишлар ва бу ҳақда Америка жамоатчилигига маълум қилинмаган. Биз у ерда [худдики] кўзларимизни юмиб турганмиз ва юзимизга зарбалар қабул қилиб олганмиз».
Саудия Арабистонидаги «Шаҳзода Султон» авиабазасида олинган фотосуратда Boeing E-3 Sentry самолёти иккига бўлиниб кетгани, унинг дум қисми ғижимланиб, пачоқланганини кўриш мумкин.
Фотосуратларда саналар йўқ бўлса-да, шу йил мартида худди шундай самолёт зарбага учраб, йўқ қилингани тасдиқланганди.
Boeing E-3 AWACS эрта огоҳлантириш самолётлари узоқ масофадаги эҳтимолий нишонларни аниқлаш ва кузатиш учун фойдаланилади.
Ўшанда АҚШ расмийси Reuters агентлигига Эроннинг авиабазага уюштирган ҳужуми оқибатида 12 нафар америкалик аскар яралангани, улардан икки нафарининг аҳволи оғир эканини маълум қилганди.
Кувайтдаги «Бюринг» базасида олингани тахмин қилинаётган (уларнинг ҳам санаси кўрсатилмаган) иккита фотосуратда эса яксон қилинган трейлерлар ҳамда чодир кўринишидаги, том қисми илма-тешик бўлган ва тутун ичида қолган иншоот акс этган.
Кувайтдаги «Бюринг» базасида Эрон зарбалари остида вайрон бўлган трейлерлар Фото: CBS News
Мавзуга оид
Яна бир фотосуратда Эроннинг Кувайтдаги «Орифжон» базасига зарбаси оқибатида шикастланган тўрт қаватли бинони кўриш мумкин.
Март ойида ушбу базага ҳужум оқибатида сунъий йўлдош алоқа ускуналари шикастлангани ҳақида хабар берилганди, аммо бу фотосуратда ҳам худди ўша зарба оқибатлари акс этгани аниқ эмас.
Ҳам демократлар, ҳам республикачилар маъмуриятларида миллий хавфсизлик масалалари соҳасида ишлаган собиқ мулозим Брайан Катулис бу суратлар «Америка ўз мудофаасини тўғри тайёрламаганидан» далолат беришини таъкидлайди.
«Бундан ташқари, АҚШнинг Хитой ва Россия каби рақиблари Эронга нишон танлашда ёрдам берган бўлиши мумкинлиги ҳақида ишончли далиллар мавжуд. Трамп маъмурияти бу заифликларни бартараф этиш учун ҳеч нарса қилмади», – дея қўшимча қилди ҳозирда Яқин Шарқ институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаётган Катулис.
Бу суратларнинг барчаси Пентагон назорат органи ўз ҳисоботида Американинг Кувайт, Баҳрайн, Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Ироқ, Ўмон ва Иорданиядаги базаларида юзлаб бино ва иншоотлар Эрон зарбалари оқибатида шикастлангани ва вайрон бўлганини тасдиқлаши ортидан эълон қилинди.
Ҳисоботни тузганларнинг маълумотига кўра, уруш бошланганидан кейинги бир неча ой мобайнида «Американинг ўнлаб самолётлари йўқ қилинган ёки шикастланган».
Конгресснинг Бюджет бошқармаси томонидан тайёрланган алоҳида ҳисоботда таъкидланишича, E-3 самолётлари энди ишлаб чиқарилмаяпти ва уларни замонавийроқ E-7 билан алмаштиришга тўғри келади.
Бошқарма битта E-3 самолёти нархи 500 млн долларни ташкил этиши, ҳарбий ҳаракатлар давомида йўқотилган техникалар, жумладан, самолётлар, дронлар ва катта масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг умумий нархи 1,9 млрд долларни ташкил этишини қайд этган.
Бюджет бошқармаси ўз таҳлили якуний эмаслиги, чунки мудофаа вазирлиги сўровларга жавоб бермагани, натижада бошқарма ҳукумат маълумотлар базалари ва очиқ манбаларга таянишга мажбур бўлганини билдирган.
Бундан ташқари, ҳисоботга кўра, АҚШ қуролли кучлари амалга оширишни режалаштираётган таъмирлаш ва тиклаш ишлари кўлами ҳали аниқ эмас.
Брайан Катулис гарчи «бу харажатлар Трамп маъмурияти жиддий натижаларга эришмасдан қимматли ҳарбий ресурсларни қандай сарфлаганини кўрсатса-да», АҚШ қуролли кучларининг умумий жанговар тайёргарлигига етказилган зарар жиддийроқ эканини таъкидлаган.
«Қўшма Штатлар ҳарбий кучларини Осиёдан Яқин Шарққа кўчиришга мажбур бўлди, натижада Америка ва унинг Осиёдаги ҳамкорлари Хитой олдида янада заифроқ аҳволга тушиб қолди. Бундан ташқари, АҚШ ўқ-дори захиралари тугаши Россияга Американинг НАТО бўйича иттифоқчиларининг заиф нуқталарини излаш ва Украинага қарши тажовузкор урушини давом эттириш имконини бермоқда», – дейди у.
Гарчи АҚШ техник йўқотишларни қоплаш учун молиявий ресурсларга эга бўлса-да, мамлакат аллақачон бюджет муаммоларига дуч келмоқда ва Яқин Шарқ ёки дунёнинг бошқа қисмларида юзага келиши мумкин бўлган кескинликларга тайёргарлик кўриш учун буни етарлича тез қила олмаслиги мумкин, дея қўшимча қилди у.
Кувайтдаги «Орифжон» базасидан олинган ушбу суратда бинога етказилган зарар кўлами акс этган
Оқ уйга жамоатчиликнинг Эронга қарши 28 феврал куни бошланган урушни якунлаш бўйича талаби кучайиб бормоқда.
Уруш бошланганидан бери Эрон ҳам Американинг минтақадаги базалари ҳамда иттифоқчи давлатларга, хусусан, Исроилга мунтазам равишда зарба бериб келмоқда.
Сешанба куни кечқурун АҚШ Вакиллар палатаси учинчи марта Эрондаги урушни тўхтатиш учун овоз берди ва президент Доналд Трампни Конгресс розилигисиз бошланган АҚШ ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишга мажбур қиладиган чорани маъқуллади.
Қонун лойиҳаси бир неча республикачилар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди; бу ноябр ойида бўлиб ўтадиган АҚШ оралиқ сайловлари олдидан Вакиллар палатасининг ушбу масала бўйича сўнгги овоз бериш жараёни бўлиб қолиши мумкин.
Кейин нима бўлиши – сномаълум: АҚШ Сенати бу масалани кўриб чиқиш-кўрмаслигини ҳозирча маълум қилмади.
Ўша куни республикачи конгрессмен Томас Масси АҚШ учун Эрондаги урушнинг қиймати ҳақидаги янги тафсилотлар фонида мудофаа вазири Пит Ҳегсетга импичмент эълон қилишга уринишини эълон қилди.
Трамп маъмурияти Ҳегсетни қўллаб-қувватлади, АҚШ бош прокурори Тодд Бланш эса журналистлар қаршисида у «ишнинг кўзини билиши» ҳақида гапирди.