Саида Мирзиёева Янги Тошкентдаги қурилиш жараёнлари билан танишди ва тадбиркорларни шаҳарга сармоя киритишга чақирди. Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида барпо этилиши режалаштирилган янги истироҳат боғи ҳудудини кўздан кечирди. Машинасини маҳаллада катта тезликда хавфли ҳайдаган йигит қамалди. Сурхондарёда Савдо-саноат палатаси бўлими бошлиғи ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Саида Мирзиёева Янги Тошкентдаги қурилиш жараёнлари билан танишди

«Шаҳар кўз ўнгимизда шиддат билан қад ростламоқда ва ривожланмоқда. Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан бошланган мазкур бунёдкорлик доирасида бугун улкан, кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Британиялик меъморлар томонидан пухта ва узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган шаҳар концепцияси келгуси ўн йилликлар учун мустаҳкам асос яратди. Пойдевор қўйилди, бироқ шаҳарнинг эртанги куни қандай бўлиши энди бевосита ўзимизга боғлиқ. Айнан шунинг учун тадбиркорларимиз Янги Тошкентга алоҳида эътибор қаратишларини истардим. Бу ерга сармоя киритинг, қурилиш қилинг, ўз бизнесингизни йўлга қўйинг. Мазкур масканнинг истиқболи ва имкониятлари беқиёс», деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Шунингдек у тадбиркорларни янги шаҳарни биргаликда бунёд этишга чақирди.

 

Саида Мирзиёева Тошкентда янги истироҳат боғи ҳудудини кўздан кечирди

Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида барпо этилиши режалаштирилган янги истироҳат боғи ҳудудини кўздан кечирди.

«Тошкентга кўпроқ яшил масканлар керак. Айниқса, иссиқ иқлимимиз шароитида дарахтлар, сув ҳавзалари ва соя-салқин жойлар аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатади. Бу ерда кўл, кўкаламзор майдонлар пайдо бўлади ҳамда оилавий, болалар билан дам олиш, сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш учун барча қулайликлар муҳайё қилинади. Бундай масканлар пойтахтимизнинг барча туманларида ташкил этилиши лозим. Шаҳарда истироҳат боғларини янада кўпайтириш, мавжуд яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, янги экологик тоза мавзеларни барпо этиш зарур», деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, Тошкентни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири шу ва бошланган ишлар қатъий давом эттирилади.

 

Машинасини маҳаллада катта тезликда хавфли ҳайдаган йигит қамалди

Қашқадарёда машинасини кўп қаватли уйлар орасида катта тезликда ҳайдаб, ёш болаларни уриб юборишига сал қолган ҳайдовчи қамалди.

Ҳолат 12 сентябрь куни Қарши шаҳри Чўлқувар маҳалласи ҳудудида содир бўлган эди. Аниқланишича, ушбу шахс ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмай туриб, машина бошқарган.

Суд унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

 

Сурхондарёда Савдо-саноат палатаси бўлими бошлиғи ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Расмий маълумотга кўра, Савдо-саноат палатаси Қизириқ тумани бўлими бошлиғи М.Ч. бошқа фуқарога деҳқон хўжалиги ташкил этиши учун аукцион орқали 2 гектар ер майдони олиб беришни ваъда қилган.

У фуқародан фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани айтилган 5 млн сўмни қайтариб бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.