Таълим соҳасига йўналтирилган бюджет харажатлари 77 фоизга ошди
21 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди.
Ҳисоботни молия вазирининг ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров тақдим этди.
Ҳукумат тақдимига кўра, 2019 йилда солиқ сиёсатини тубдан такомиллаштириш концепциясининг амалга татбиқ этилиши, қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий қилинган янгиликлар ҳисобига иқтисодиётда ташқи ва ички савдо айланмасининг ўсишига, валюта бозорининг янада эркинлашувига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилишига эришилди.
Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,7 фоизни ташкил этди, хусусан, хизматлар кўрсатиш 1,7 фоиз, саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 фоиз, маҳсулотларга соф солиқлар 0,7 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари маҳсулоти ҳажми 0,6 фоиз ҳамда қурилиш ишлари ҳажми 1,1 фоиз ўсган.
Давлат бюджети даромадлари 79,2 трлн. сўмни, харажатлари эса, 86,5 трлн. сўмни ташкил этиб, ялпи маҳсулотдаги улуши тегишинча 21,9 ва 23,9 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмаси 31,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37,2 фоиз ошган, экспорт ҳажми 13,7 млрд. АҚШ долларини ва импорт ҳажми 18,0 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган.
Харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 45,9 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,7 фоизни ташкил этган.
«Маблағларнинг энг катта қисми – таълим соҳасини сақлаш, уни ривожлантиришга йўналтирилди. Ушбу йўналишга давлат бюджетидан 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 77,4 фоизга кўп ёки 24,2 трлн сўм маблағ ажратилди. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларига 3,7 трлн. сўм, умумтаълим мактабларига 13,8 трлн. сўм, кадрлар тайёрлаш харажатларига 3 трлн. сўм сарфланди», дея Аҳадбек Ҳайдаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Муҳокамалардан сўнг депутатлар давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил тўққиз ойлигидаги ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботини тасдиқлашга қарор қабул қилдилар.
Мавзуга оид
19:08 / 25.10.2024
Сайловда 1 миллиондан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди
20:25 / 23.07.2024
Хориждаги маҳкум ўзбекистонликлар жазони ватанида давом эттириши мумкинлиги белгиланмоқда
19:14 / 23.07.2024
Ўзбекистонда “тренингчи”лар фаолияти тартибга солинади
14:10 / 09.07.2024