Ўзбекистон миллий гербарийси дунёда муқобили йўқ илмий муассаса бўлиб, ЎзФА Ботаника институти тасарруфига киради. Бу муассаса Марказий Осиё ўсимликлари бўйича дунёда энг катта гербарий ҳисобланади.
Ботаника институти директори, Биология фанлари доктори, академик Комилжон Тожибоев Миллий гербарий тарихи, гербарий йиғиш, уни рўйхатга олиш, сақлаш жараёни ва бошқалар ҳақида маълумот берди.


Унинг сўзларига кўра, гербарийнинг илк намуналари 1835-1840 йиллардан бошлаб терилган. Гербарийлар бутун Марказий Осиё бўйлаб йиғилган. Ҳозирги кунда 1,5 миллиондан ортиқ намуна сақланади. Қуйидаги суратда 1841 йилда терилган гербарий тасвирланган.


Марказий Осиё ҳудудида бу ишга дастлаб рус тадқиқотчилари киришган. Шунингдек, маҳаллий аҳоли орасидан кўнгилли тарзда ноёб ўсимликларни йиғиб берувчи инсонлар ҳам бўлган. Шундай инсонлардан бири Муса Маҳмуд исмли киши. У махсус гербарий терувчи бўлган.


Академик Комилжон Тожибоев Миллий гербарийнинг бугунги кунгача қандай таркибда етиб келгани ҳақида маълумот берди.
«Аввал бу Марказий гербарий деб аталар эди. Бунга сабаб турли ҳудудларда илмий муассасаларда ҳам гербарий бўлган. Ўтган асрнинг 80-йилларида Тошкентдаги тўртта асосий гербарийни бирлаштириш орқали ташкил қилинган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ), Ўсимлик моддалари кимёси ва Ботаника институтларининг гербарийлари ҳамда Табиат музейидаги тарқоқ ҳолдаги гербарийлар бирлаштирилиб, Марказий гербарий ҳолатига келтирилган. 2018 йилда президентимиз томонидан Миллий гербарий мақоми берилди. Бу ерда ҳозир 30 нафарга яқин ходим ишлайди», дейди у.

Қуйидаги суратдаги гербарий тип намуналари коллекцияси фан учун янги деб топилган ўсимликларнинг биринчи намунаси бўлиб, ўсимликнинг паспорти саналади. Бу хонада 2 мингдан ортиқ намуна сақланади.









































