ЎзР ФА Ботаника институти фаолияти, бугунги илмий салоҳияти ҳақида маълумот берсангиз?

— Ботаника институти Ўзбекистонда табиий тарзда ўсувчи ёввойи ўсимлик олами билан шуғулланадиган ягона илмий муассаса ҳисобланади. Аксарият ҳолатларда мазкур институтнинг мақсад ва вазифалари, устувор тадқиқот йўналишлари бошқа илмий тадқиқот муассасалари, жумладан экиб-етиштириладиган, қишлоқ хўжалик экинларини тадқиқ этадиган институтлар фаолияти билан адаштириш ҳолатлари учраб туради. Демоқчиманки, бизнинг муассасада инсонлар томонидан парвариш қилинадиган ўсимликлар тадқиқот объекти ҳисобланмайди. Бу — табиий флора билан шуғулланадиган ягона институтдир.

Ўзбекистон ҳудуди ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турадиган ўсимликлар қопламига эга. Албатта, бу ерда экинзорлар назарда тутилмаяпти. Табиий флора турлари ер ости ва ер усти бойликлари каби давлатнинг миллий бойлиги саналади. Бу бойлик қанақа аҳволда, таркиби нималардан иборат, сарҳисоби, уни қандай сақлаб қоламиз, қандай қилиб унумли фойдаланамиз, мониторингини юритиш, «Қизил китоб»га кирган ўсимликлар, уларнинг давлат кадастрини юритиш ва шу каби масалалар бўйича тадқиқотлар олиб борилади. Фундаментал тадқиқотлар қаторига бу флора келиб чиқиши, қайси географик элементлар бунга асос бўлган, уларнинг миграцияси қандай бўлган, эволюцияси қай тарзда кетяпти каби илмий муаммолар киради.

Айни пайтда институт ўтиш даврини бошидан кечирмоқда. Турли сабабларга кўра институт аввал Ботаника боғи, кейинчалик эса Зоология институти билан қўшиб юборилди. Бу ҳолат ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Бажарилаётган лойиҳаларни, илмий лабораторияларни сунъий равишда қўшиш, қабул қилинган қарорларга мувофиқлаштиришга уринишлар бўлди.

Айрим ёши улуғ олимлар институтни тарк этишди. Айримлари эса ўзларидан шогирдлар сафини қолдиришмади. Оқибатда эса «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ва Зоология институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3256-сон қарори билан Институт алоҳида илмий тадқиқот муассасаси сифатида қайтадан шакллантирилган вақтда асосан ёшлардан иборат бўлган жамоа таркибидан иборат бўлиб қолди. Бу ерда бошқа институтлардаги каби ёши улуғ олимларни кўп учратмайсиз. Авлодлар алмашинуви оғир кечди, шунинг орқасидан институт қийин аҳволга тушиб қолганди.

Беш йил аввал институтга директор бўлиб келганимдан сўнг ишни ёш олимларни жалб этишдан бошладик. Бунинг учун илмий иш қилишга лаёқатли ёшларни вилоятлардан танлаб олдик.

Ишларимиз самарасини кўрсатди, албатта. 2018 йил натижаларига кўра, ёш олимлар институт илмий салоҳиятининг 36 фоизини ташкил этди. Фалсафа доктори ёки фан доктори бўлган ёш илмий ходимлар эса ҳозирги кунда 46 фоизни ташкил этади. 2016–2018 йил оралиғида 25 нафар илмий ходим асосий иш ўрнига қабул қилинди. 3 йил ичида институт 30 фоизгача янгилаш жараёнини ўз бошидан кечирди. Бугун қанчалик қийин бўлмасин, бу ёшлар институт эртаси ҳисобланади. Улар билан кўпроқ ишлаш, тарбиялаш, йўналтириш эртанги кун муваффақияти гарови ҳисобланади.