Тошкент вилоятидаги Писком дарёсида чўкиб кетган фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 август куни Бўстонлиқ туманидаги Писком дарёсида бахтсиз ҳодиса содир бўлган: Қибрай туманида яшовчи 30 ёшли фуқаро чўкиб кетган.

Ўша куни бир гуруҳ фуқаролар Писком дарёсига SUP-доскада сайр қилиш мақсадида келган. Сайр вақтида улардан бири бошқарувни йўқотиб, қояли қирғоққа урилган ва сувга тушиб кетган. Қутқарув нимчаси киймаганлиги сабабли кучли сув оқими уни сув остига олиб кетган.

Чўкиб кетган фуқарони қидириш учун ФВВнинг ғаввослари жалб этилган. Шу вақтга қадар қутқарувчилар томонидан фаол қидирув ишлари олиб борилган.

10 сентябр куни фуқаронинг жасади ғаввослар томонидан топилган.

Вазирлик сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирган. 

Аввалроқ Чорвоқда ота ва унинг икки ўғли чўкиб кетганди. Ҳозирча улардан бирининг жасади топилган.