Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз. Зеленскийнинг самолёти Молдовадан учишга тайёрланаётганида дрон билан тўқнашишига бир бахя қолган. Эрон Ҳўрмуз бўғозида АҚШнинг замонавий сувости дронини қўлга олганини маълум қилди. АҚШ ва Канада ўртасидаги савдо уруши янада кучаймоқда. БМТ Исроилнинг Суриядаги айрим ҳаракатлари уруш жиноятига тенглаштирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Зеленский самолётига дрон яқинлашди

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг самолёти Молдовадан Норвегияга учишга тайёрланаётганида дрон билан тўқнашишига бир бахя қолган. Бу ҳақда Норвегия бош вазири Йонас Гар Сторе маълум қилди.

Ҳодиса Зеленский Норвегия қироли Ҳаралд Бешинчининг дафн маросимида иштирок этиш учун Ослога йўл олган пайтда юз берган. Дрон хавфи туфайли Молдова ҳаво ҳудудини вақтинча ёпган ва Зеленскийнинг самолёти парвози кечиктирилган.

Молдова расмийларига кўра, бу вақтда россияликларнинг иккита дрони мамлакат ҳаво ҳудудига кириб келган. Улардан бири пойтахт Кишинёвдан 160 километрча узоқликдаги ҳудудга қулаган. Норвегия бош вазири эса дрон Зеленскийнинг самолётига жуда яқин келганини айтган, аммо улар ўртасидаги масофа бўйича аниқлик киритмаган.

АҚШнинг сувости дрони қўлга олинди

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ҳўрмуз бўғозига кириш қисмида АҚШга тегишли бўлган замонавий сувости дронини қўлга олганини маълум қилди.

Гап АҚШнинг Dive-LD автоном сувости аппарати ҳақида кетмоқда. Эрон томони ушбу дронни «АҚШ армиясининг энг замонавий ва ақлли бошқарувчисиз сувости қурилмаларидан бири» деб атаган.

Dive-LD’ни АҚШнинг Anduril компанияси ишлаб чиқарган. У мустақил равишда ҳаракатланади, ундан денгиз тубини хариталаш, разведка, миналарни аниқлаш ва сувости инфратузилмасини текшириш учун фойдаланиш мумкин.

АҚШ томони эса аппарат носозлик сабабли ишдан чиққани ва унда махфий маълумотлар ёки сезгир сенсорлар бўлмаганини билдирган.

«Трамп дивидендлари»

АҚШ президенти Доналд Трамп агар ноябр ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда Республикачилар Вакиллар палатаси ва Сенат устидан назоратни сақлаб қоладиган бўлса, АҚШнинг ҳар бир вояга етган фуқаросига 5 минг доллардан тўлашга ваъда берди.

У Республикачилар партиясининг Техас штати Даллаш шаҳрида ўтган қурултойида буни «муваффақиятли компанияларнинг инвесторларга дивиденд тўлаши»га ўхшатган.

«Ягона чеклов шундаки, дивидендлар АҚШда сарфланиши керак. Биз пулларни Канадага бориб сарфлашингизни хоҳламаймиз. Биз сизнинг Хитойга, Германияга боришингизни истамаймиз... Сиз пулларни АҚШда сарфлашингиз керак», – дея қўшимча қилди Трамп.

Қайд этиш керакки, бу тарихда Америка президенти сайловчилар овозини жалб қилиш кампанияси доирасида америкаликларга бундай тўловлар ваъда қилаётган биринчи ҳолатдир.

2025 йилда АҚШнинг балоғатга етган аҳолиси сони 267 млн киши атрофида бўлган. Бу шуни англатадики, уларнинг барчасига «Трампнинг 5 минг долларлик дивидендлари»ни тўлаш учун жами 1,34 трлн доллар керак бўлади.

АҚШ ва Канада ўртасидаги савдо уруши

АҚШ ва Канада ўртасидаги тарифлар бўйича қарама-қаршилик янада кучайди.

Канада 8 сентябрдан АҚШдан импорт қилинадиган қатор маҳсулотларга 15, 25 ва 50 фоизлик жавоб тарифларини жорий қилди. Янги чоралар АҚШдан келадиган 27,6 миллиард долларлик товарларга тааллуқли.

Канада асосан металл, алюминий, сут маҳсулотлари, маиший техника, қишлоқ хўжалиги ускуналари, қоғоз, пластмасса ва электроника каби маҳсулотларга қўшимча бож жорий қилди. Айрим товарларга тариф 50 фоизгача оширилган.

АҚШ эса Канададан келадиган айрим маҳсулотларга янги импорт тақиқларини жорий этишини маълум қилди. Улар орасида алкогол маҳсулотлари, зардоб, меласса ва йирик мотоцикллар бор. Тақиқлар 29 сентябрдан кучга кириши кутилмоқда.

Исроил уруш жиноятида гумонланмоқда

БМТнинг Сурия бўйича мустақил тергов комиссияси Исроилнинг Сурия ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларидан жиддий хавотир билдириб, айрим ҳаракатлар уруш жиноятига тенглаштирилиши мумкинлигини маълум қилди.

Комиссия Исроил ҳарбий фаолияти Сурия ҳудудида тобора «давомий ва чуқурлашиб бораётгани»ни қайд этган. Тергов доирасида Исроил томонидан 49 киши, жумладан, икки нафар бола ушлаб турилгани ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.

БМТ комиссияси Исроилнинг Суриядаги ҳаракатлари халқаро гуманитар ҳуқуқ нуқтайи назаридан текширилиши зарурлигини таъкидлади.

Apple 18 тақдимоти

Apple компанияси тунда iPhone 18 Pro ва iPhone 18 Pro Max смартфонларини тақдим этди. Янги моделлар A20 Pro чипи, такомиллаштирилган камера ва узоқроқ ишлайдиган аккумулятор билан жиҳозланган. Асосий камера илк бор ўзгарувчан диафрагмага эга бўлди. Компания iPhone 18 Pro Max’да аккумулятор автономлиги бўйича энг катта ўсиш қайд этилганини айтмоқда.

Бироқ тақдимотнинг энг катта янгилиги – Apple’нинг тарихдаги илк букланувчи смартфони iPhone Duo бўлди. У китоб сингари очилади ва очилганда 7,6 дюймли катта экранга эга бўлади. Смартфон кўп вазифали режимни қўллаб-қувватлайди ва Apple Pencil билан ишлайди. Янги қурилманинг бошланғич нархи 1 999 доллар этиб белгиланди.

iPhone 18 Pro 1 199 доллар, Pro Max эса 1 299 доллардан сотувга чиқади. Янги смартфонларга буюртмалар 12 сентябрдан қабул қилинади, сотувлар эса 18 сентябрдан бошланади.