Ўзбекистон | 07:47 / 25.11.2019
137301
3 дақиқада ўқилади

Яна бир соҳа ходимларининг ойлиги оширилади

Фото: KUN.UZ

Спорт таълим муассасалари раҳбарлари ва ходимларининг ижтимоий мавқеи ва нуфузини ошириш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2020 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида айтилади.

Қайд этилишича, спорт таълим муассасалари директори, унинг ўринбосарлари, методистлар, селекция бўйича тренерларнинг базавий тариф ставкаларини қуйидаги миқдорларда ошириш мўлжалланмоқда: 

олий тоифали тренерлар учун – 1,25 бараварга;

биринчи тоифали тренерлар учун – 1,2 бараварга;

иккинчи тоифали тренерлар учун – 1,15 бараварга;

мутахассис тренерлар учун – 1,1 бараварга;

директор, унинг ўринбосарлари, методистлар селекция бўйича тренерлар учун 1,1 бараварга.

Ижро муддати - 2020 йил январдан, молиялаштириш манбалари - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети. Масъул ижрочилар - Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги.

Бундан ташқари, спортнинг жамоавий ўйин турлари бўйича туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақалари ғолиблари, уларнинг тренерлари ва жисмоний тарбия ўқитувчиларини рағбатлантириш тизимини жорий этиш мўлжалланмоқда.

Бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинади. Унда “Болалар олимпия ўйинлари”нинг жамоавий ўйин турлари бўйича:

республика босқичи ғолибларига (1 ўрин) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида соҳа бўйича мутахассислик фанларидан максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилиш;

ғолибларни тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдирлаш;

ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, спорт таълим муассасаларининг тренерлари аттестацияга жалб этилмасдан уларга тўғридан-тўғри малака тоифалари бериш назарда тутилади.

Ижро муддати - 2020 йил февраль, молиялаштириш манбалари - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети. Масъул ижрочилар - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид