Андижон вилоятидан Тошкент шаҳрига бормоқчи бўлсангиз икки транспортдан бирини танлайсиз: поезд ёки такси. Қайтишда ҳам шундай танлов. Поезд пойтахтга кунига икки марта қатнайди. Бу транспортларда қатнаш нархи деярли бир хил. Қийин йўналиш. Қамчиқ довонидан ўтиш керак.

Йўловчилар кўпроқ таксида юришни маъқул кўришади. Бунинг асосий сабаби таксичи сизни уйингиздан ҳам олиб кетиши мумкин. Яна вокзалгача эмас, сиз истаган манзилга - Юнусободми, Чилонзорми ва ҳатто Қорақамиш даҳасига ҳам олиб бориб қўяди.

Андижон шаҳрида Тошкент томон борувчи таксилар турадиган ва халқ орасида «Тошкент питак» номи билан машҳур бўлган икки манзил бор. Уларнинг бири Янги шаҳардаги «Автовокзал»да, иккинчиси, «Узумзор» кўчасида жойлашган.

Тошкентдан қайтишда эса Қўйлиқдаги автотураргоҳ. Норасмий маълумотларга кўра, «Андижон-Тошкент» йўналиши бўйича қатнайдиган таксилар сони 500дан зиёдроқ.  Улар кунига ўртача минг нафарга яқин йўловчи ташийди.

Kun.uz’га мазкур йўналишда қатновчи ҳайдовчилардан мурожаат тушди. Маълум бўлишича, андижонлик таксичилар Тошкент вилояти ҳудудига киргач, уларни ўша ҳудуд Транспорт бошқармаси ходимлари ва ЙҲХ ходимлари тўхтатиб, лицензия сўраб, жарима солиб, машиналарини жарима майдонига олиб кириб қўяётган экан.

Автотураргоҳга бориб ҳайдовчилар билан суҳбатлашдик.

«Узоқ йиллардан бери пойтахтга қатнайман. Муаммо шундаки, шу кунларда довондан ўтиб, Тошкент вилоятига киришимиз билан ЙҲХ ходимлари ва ўша ҳудуд «Дарётранс» ходимлари йўлни тўсиб, лицензия сўрашяпти. Бизда лицензия йўқ. Сабаби, Андижон Транспорт бошқармасига кирсак, ходимлари «Андижон-Тошкент» йўналиши йўқлигини, бизга лицензия бера олмасликларини айтишяпти. Жаримага тортишяпти. Асосан ўша ернинг ўзида бир миллион сўм атрофида пул тўлаб қутуляпмиз.