Ўзбекистон | 15:50 / 29.11.2019
5770
2 дақиқада ўқилади

Хусусий туғруқхоналар очилиши тизимда коррупция камайишига ёрдам беради — Элмира Боситхонова

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун, 29 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари иштирокида «Мамлакатда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик муҳитини янада яхшилаш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бугунги туғруқхоналардаги аҳвол, уларда ҳануз коррупция аломатлари сақланиб қолаётгани масаласида ўз фикрларини билдирди.

«Бугунги кунда ҳам коррупция - тиббиёт соҳасида, айниқса, туғруқхоналар фаолиятида энг оғриқли нуқта. Анъанавий суюнчи эса коррупциянинг бир кўриниши бўлиб қолмоқда», - дея Элмира Боситхонованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита раисининг қайд этишича, айни пайтда коррупциянинг олдини олиш учун тиббиёт муассасаларида «Ишонч қути»лари ташкил қилинган. Унга одамлар клиника ҳақида ўз фикрларини ёзиб қолдиришлари мумкин.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Бу йўл билан ҳам маълум маънода натижага эришяпмиз. Бироқ тиббиётда коррупция йўқолиши учун бутун жамият ҳаракат қилиши зарур. Шифокор ёки ҳамширага пул таклиф қилмаслик зарур. Бироқ агар шифокор пул олмасдан туриб, беморни даволамайман, дейдиган бўлса, бу – бошқа масала.

Бу борада хусусий туғруқхоналарнинг очилиши коррупциянинг камайишига ёрдам беради, деган фикрдаман. Агар кимдир алоҳида шароит, бошқалардан фарқли парваришни хоҳласа ва тўлов қилишга қурби етса, хусусий туғруқхоналардан фойдаланиши мумкин.

Давлат туғруқхоналари эса аҳолига ишончли тиббий хизмат кўрсатиш вазифасини бажараверади», дея қўшимча қилди Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид