Kun.uz сайтида аввалроқ «Турли текширувчилар учун одамлар «соғин сигир»ми? Ургутдаги уч воқеа» сарлавҳаси остидаги мақолада ўз хизматларини ихтиёрий тарзда тақдим этиши лозим бўлган турли корхона ва ташкилотларнинг Ургут туманидаги аҳолига ўз хизматини мажбуран тиқиштираётгани ва пул йиғаётганини ёритилган эди.

Ўша воқеалар юзасидан Ургут туманида суриштирув ўтказиб юрганимизда яна бир ўхшаш воқеага дуч келдикки, буниси энди халқ таъбири билан айтганда «куракда ҳам турмайди». Шу сабабли воқеага алоҳида тўхталишга қарор қилдик.

Ургут туманидаги «Қўйигузар» МФЙда «Электр тармоқлари ва монтаж» МЧЖ ходимларининг мажбурий пул ундириб юргани ҳақида суриштириб юрганимизда шу маҳалла масъули «айтганча, бундан уч-тўрт кун олдин мана булар ҳам келган эди», деб бир қоғозни кўрсатди.

Қоғозни кўриб ҳайрон қолдик. Унинг тепасига «Давлат ёнғин хавфсизлиги» МЧЖ деб ёзиб қўйилган эди. «Давлат ёнғин хавфсизлиги» ёки «Ёнғин хавфсизлиги» дейилганда одамларнинг хаёлига энг биринчи, аввал ИИВ таркибида, ҳозир эса ФВВ таркибига ўтказилган Давлат Ёнғин хавфсизлиги хизматининг ҳудудлардаги бўлим ёки бошқармалари келади.

Дарров буни қандай рўйхатдан ўтказишган, деган ўй келди. Қоғозга қаралса, бу МЧЖ Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ДХМ томонидан 2018 йил 21 декабрда рўйхатга олинган.

«Балки Ургут туман Ёнғин хавфсизлиги бўлими»нинг бу корхона фаолиятидан хабари бордир», деган ўй билан шу ташкилотга бордик.

Унинг раҳбари бизга Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг бундай хусусий корхоналар фаолиятига аралашишга мутлақо ҳаққи йўқлигини билдирди.

«Мана, кеча шу корхона хизмат кўрсатган маҳаллалардан бирида яшовчи бир отахон «оғилим ёниб кетди, пулини қачон тўлайсизлар?» деб ўзига берилган шартнома қоғозларини олиб келди. Унга бу шартномани бизнинг идора ходимлари бермаганини тушунтирдик», деди у.

Шартномада манзили кўрсатилган «Ғиждувон» МФЙда яшовчи фуқаронинг хонадонига ҳам бордик. Бир неча қўшни ҳам ўша ерда экан. Улардан ушбу МЧЖ ходимлари нима деб келгани ҳақида суриштирдик. Маҳалла аҳлининг айтишича, бу корхона ходимларнинг биттаси Ички ишлар органлари ходимлари киядиган дала формасига ўхшаш камуфляж формада, қолганлари ҳам махсус кийимларда бўлган. Улар хонадонларга кириб табиий офатлар ва ёнғиндан суғурта қилиб юришгани, умумий тўлов 48 минг сўм бўлишини айтишган.