Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган оммавий ахборот воситаларига қуйидагилар киради:

даврий босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар ва бошқалар);

теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, ахборот агентликлари;

маҳсулотлари Интернет жаҳон тармоғи орқали тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар);

асосан болалар, ўсмирлар, ногиронлар учун мўлжалланган, шунингдек, таълим ва маданий-маърифий йўналишдаги оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар);

реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари (реклама тарқатишга ихтисослашган газеталар, журналлар, буклетлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар);

оммавий ахборот воситаларининг бошқа турлари (электрон тарзда тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари ва бошқалар).

Реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситаси дейилганда даврий босма нашр алоҳида сони ҳажмининг 40 фоизидан, теле-, радио дастурларда эшиттириш ва кўрсатув ҳар бир соатининг 10 фоизидан кўпроғини реклама хабарлари ташкил қиладиган оммавий ахборот воситаси тушунилади.

Қуйидагиларни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фақат уларнинг расмий хабарлари ва фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа материалларини эълон қилиш учун таъсис этиладиган оммавий ахборот воситалари;

корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса)нинг ўз эҳтиёжларини қондириш учун тиражи юз нусхагача бўлган даврий босма нашрлари;

тарқатилиши бир корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса)нинг биноси ва (ёки) ҳудуди билан чекланган кабель тармоқлар орқали узатиладиган теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, аудиовизуал хабарлар ва материаллар.

Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан кўрсатилади.