Буткул қайтадан бунёд қилинган замонавий деҳқон бозори ғиждувонликлар учун ўзига хос янги йил совғаси бўлди. Туман марказидаги янги бозор барча талабларга тўла жавоб беради.

Янги деҳқон бозорини тўлиқ реконструкция қилиш ва замонавий кўринишга келтириш Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “2017–2019- йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида “NBU BUNYODKOR INVEST” ҳамда “Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш” МЧЖ қурувчилари томонидан эски типдаги деҳқон бозори замонавий савдо мажмуасига айлантирилди. Бунинг учун 110 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Натижада 1864 та савдо ўрнига эга бўлган очиқ павильон ва 3 та икки қаватли савдо дўкони қуриб фойдаланишга топширилди.

Янгиланган бозорда гўшт, сут, балиқ, мева-сабзавот, нон, қандолат маҳсулотлари сотишга мўлжалланган алоҳида павильонлар, ўзида барча қулайликларни яратган савдо расталарида сотувчилар харидорларга сифатли хизмат кўрсатмоқдалар.

– Авваллари бозорларимизда бундай шароитлар бўлмаган, – дейди Обид ота Тешаев. – Сотувчилар таъмирга муҳтож, усти очиқ савдо расталарида қийинчилик билан харидорларга хизмат кўрсатишар эди. Ахир савдо фақат ёзда, ёғин-сочинсиз кунлари қилинмайди-ку. Савдогарларгаям, харидорларгаям усти ёпиқ, ҳамма шароитлари бор бозор керак эди. Бошқа шаҳарларга борганимизда обод бозорларни кўриб ҳавасимиз келарди. Мана, орзумиз ушалиб бизда ҳам шундай жойлар қурилди.Ғиждувонликлар бари жуда хурсанд.

– Бозоримиз тўкинлиги, арзонлиги билан ҳам машҳур, шунинг учун бу ерга қўшни туманлар, ҳаттоки бошқа вилоятлардан ҳам кўплаб харидорлар келиб туришади. Қолаверса, Ғиждувонда ишлаб чиқарилган ҳунармандчилик маҳсулотларининг довруғини бутун Ўзбекистонда яхши билишади. Тадбиркорлар ва ҳунармандга нима керак? Барча қулайликларга эга савдо расталари. Афсуски, “Пахта тозалаш заводи” биноларида жойлашган эски деҳқон бозори сотувчиларнинг ҳам, харидорларнинг ҳам талабларига жавоб бермас эди. Бозорда қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар бетартиб сотиларди, тирбандлик ва тартибсизлик бозорга кираверишдан бошланарди. Мана энди барчаси жойига тушди. Ихтисослаштирилган бозорнинг барпо этилиши эса тадбиркорларга ҳам, аҳолига ҳам ҳар томонлама қулайлик яратди.