Жамият | 17:35 / 30.12.2019
11611
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон темир йўллари вагонларида биоҳожатхоналар қачон пайдо бўлади?

Хизмат сафари билан Тошкентдан Москвага поезд орқали боришга тўғри келди. Худди шунингдек, қайтиш ҳам поездда бўлди. Таъкидлаш ўринлики, Россиянинг икки шаҳрига ҳам поездда бордим. Мақсад, уларнинг поезд таркибларидаги вагонларда ҳожатхоналар билан боғлиқ вазият қандайлигини кўриш эди.

Эътироф этиш керак, ҳар бир вагонда, ҳаттоки, ўриндиқли вагонлар ҳожатхоналари бугунги талабига мос равишда биоҳожатхоналар эди. Тозалик, гигиена воситалари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 

Шу ўринда, Тошкент-Москва-Тошкент поезди халқаро қатнов эканини инобатга олсак, бу таркибга қўйилган вагонларнинг ҳожатхоналари биоҳожатхона бўлиши лозимлигини нафақат мен, балки бизга йўлдошлик қилган барча йўловчилар, айниқса, қариялар ва аёллар қайта-қайта таъкидлашди. Қолаверса, давлат чегараларини кесиб ўтиш чоғида, ҳар бир чегара ўтказув пунктида ўртача 4 соатдан қолинади. Энди, бу вақт мобайнида, вагон ҳожатхоналари қулфланиши, чегарачилар, қанчалик ялинманг, ташқаридаги ҳожатхонага тушишга рухсат бермаслигини, сиз ёки фарзандингиз, аёллар ёхуд кексалар ҳожатга зарурати пайдо бўлиб қолишини бир тасаввур қилиб кўринг-а?

Хуллас, гапни кўпайтирмадим, Ўзбекистон темир йўллари вагонларида қачон биотуалетлар пайдо бўлади? Маҳаллий ва ҳалқаро туризмни ривожлантиришни, умуман, инсонга хизмат қилишни бош мақсад қилган эканмиз, бу сув-ҳаводек зарур. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид