Иқтисодиёт | 14:45 / 06.01.2020
44459
1 дақиқада ўқилади

2019 йилда Ўзбекистон ЯИМ қанчага ўсгани маълум бўлди

Аҳоли жон бошига ЯИМ 1741 долларга етди. 2018 йилга нисбатан ўсиш – 13,6 фоиз.

Фото: Shutterstock

2019 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 5,5 фоизни ташкил этди, прогноз эса 5,4 фоиз даражасида бўлган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги хабар қилмоқда.

ЯИМ ўсиш суръати ушбу кўрсаткичнинг 2018 йилдаги даражасидан юқори бўлди (5,1 фоиз). ЯИМ ўсиши асосан саноат (6,4 фоиз - прогноз 5,2 фоиз), қурилиш (11,8 фоиз - прогноз 8,4 фоиз) ва хизматларнинг (6,1 фоиз - прогноз 6,3 фоиз) ўсиши ҳисобига таъминланди.

Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 1 741 долларни ташкил этди ва 2018 йилга нисбатан 13,6 фоизга ўсди (2018 йилда 1 533 доллар).

2017 йилда миллий валюта икки баравар қадрсизланганига қарамай, 2019 йилда ЯИМ доллар қийматида деярли девальвация давридан олдинги кўрсаткичга етди.

Маълумот учун: доллар қийматида 2017 йил ЯИМ 59,1 миллиард долларни, 2019 йилда 58,3 миллиард долларни ёки 99 фоизни ташкил этди.

ЯИМ умумий ўсишида хизматлар соҳасининг улуши 1,9 фоиз, саноат - 1,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги - 0,9 фоиз, қурилиш - 0,6 фоиз, соф солиқлар - 0,6 фоизга тўғри келди.

Мавзуга оид