Бугун марҳум генералнинг она шаҳри Кирмонда уни дафн этиш маросими ўтказилмоқда, маросимга ўн минглаб кишилар ташриф буюрган.

«Афсуски, Кирмондаги дафн маросими иштирокчилари тиқилинч ҳосил қилиши оқибатида одамлар ҳалок бўлишди, жабрланганлар тиббий марказларга олиб борилди», - деган шаҳар тез тиббий ёрдам хизмати раҳбари.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони бўлган генерал Қосим Сулаймоний 3 январь куни Ироқнинг Бағдод шаҳрида америкалик ҳарбийлар берган авиазарба натижасида ҳалок бўлганди. Ўтган кунлар мобайнида унинг жасади Аҳваз, Қум ва Теҳрон шаҳарлари бўйлаб айлантирилди ва бугун Эрон жануби-шарқида жойлашган Кирмон шаҳрига келтирилди.

Эроннинг иккинчи рақамли одами Трампнинг буйруғи билан ўлдирилди. Генерал Қосим Сулаймоний ўзи ким эди?

Сешанба куни Эроннинг кўплаб шаҳарларида марҳум генерални хотирлаш маросимлари ўтказилмоқда, шу билан бир вақтда АҚШга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Сулаймонийнинг портретларини кўтариб кўчага чиққан намойишчилар «Америкага ўлим» ва «Исроилга ўлим» шиорларини ҳайқиришмоқда.

Фото: Associated Press

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саломий Кирмондаги дафн маросими чоғида Сулаймонийнинг ўлимига жавоб сифатида «Қўшма штатларни севган барчага ўт қўйиш» билан таҳдид қилди.

Сешанба куни Эрон парламенти бир овоздан Америка армияси ва Пентагонни террорчи ташкилотларга тенглаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилди