Мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш масаласи жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинди ва турли эътирозларга сабаб бўлди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тассарруфидаги «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК ушбу вазиятга изоҳ беришга масъул ташкилот ҳисобланади. Марказ матбуот хизмати раҳбари Зилола Иноятова мавзу юзасидан саволларга жавоб берди.

– IMEI-кодларни автоматик рўйхатдан ўтказиш учун нима сабабдан кам вақт берилди?

– IMEI-кодларни автоматик рўйхатга олиш учун жуда кам вақт берилган, деган фикр мутлақо нотўғри. Озарбойжон ва Туркияда бундай тизим жорий этилганда, мобил қурилмаларни IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш даври бўлмаган, яъни фуқароларга қурилмалар IMEI-кодларни бепул ва ортиқча хатти-ҳаракатсиз рўйхатдан ўтказиш имконияти берилмаган.

2018 йил «Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, мобил алоқа модулига эга қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимини тўлиқ ишга тушириш имконини берадиган режа жадвали тасдиқланди. Шунга кўра, ўтган йилнинг 1 апрелидан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш тизими ишга туширилди. Қурилмаларнинг IMEI-кодларини автоматик рўйхатдан ўтказиш деганда, қурилмаларнинг SIM-слот/слотларини фаоллаштириш орқали амалга ошириш мумкинлиги назарда тутилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 778-сонли қарорига мувофиқ, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тасдиқланди. Унга кўра, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш 2019 йил 31 октябрига қадар бепул амалга оширилиши белгиланиб қўйилган. 7 ой давомида тизим оператори тамонидан автоматик тарзда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш амалга оширилиб келинган.

– IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш нархи қандай белгиланган?

– Вазирлар Маҳкамасининг 778-сонли қарорига мувофиқ, қурилмаларни IMEI-кодларини UZIMEI тизимида руйхатдан ўтказиш учун ундириладиган пул миқдори тасдиқланган. Унга кўра, ҳар бир IMEI-код бир марта рўйхатдан ўтказилади ва SIM-карта фаоллаштирилгандан бошлаб 30 кун ичида 20 фоиз БҲМдан (44 600 сўм) тўлов ундирилади. Ушбу муддатдан сўнг қурилмалар IMEI-кодларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш учун 25 фоиз БҲМдан (55 750 сўм) тўлов амалга ошириш керак бўлади.