Спорт | 14:20 / 19.01.2020
14979
2 дақиқада ўқилади

Хуршид Ғиёсов ҳам легионерга айланмоқда

Ўзбекистон миллий жамоасининг яна бир футболчиси Жанубий Корея чемпионатига йўл олиши кутилмоқда.

«Бунёдкор» билан БААдаги йиғинда қатнашган клуб яримҳимоячиси Хуршид Ғиёсов унга таклиф тушгач, Абу-Дабидаги машғулотлардан эрта қайтганди.

«Твиттер»даги «Kleague» саҳифасида ёзилишича, Хуршид Ғиёсов «Жённам Дрэгонс» клубига ўтишга яқин. Футболчи ушбу клуб билан музокарага киришган. Ғиёсовга шунингдек, Жанубий Кореянинг «Анянг» клуби ҳам қизиқиш билдирган.

Футболчи декабрь ойида «Бунёдкор» билан янги шартнома тузган бўлса-да, унда хориж клубидан таклиф тушса, трансфер пулисиз қўйиб юбориш банди бўлган. Шунга асосан Хуршид Тошкент клубини товон пулисиз тарк этмоқда.

«Жённам Дрэгонс» Жанубий Кореянинг нуфузи бўйича иккинчи чемпионати саналмиш Кей-лига иштирокчиси саналади. Клуб 2019 йилги мавсумда 10 жамоа орасида 6-ўринни эгаллаган.

Маълумот учун, Хуршид Ғиёсов ўтган мавсум Суперлигада 25 ўйинда 12та голга муаллифлик қилган.

Мавзуга оид