Футбол клубларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва уларга қўлланадиган солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиш механизми тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинади.
Муҳокама учун жойлаштирилган ҳужжат лойиҳасига кўра, футбол клубларига солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш амалдаги қонун ҳужжатлар талаблари асосида тартибга солинади.
Футбол клубларининг мақоми
Футбол клублари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказилади.
Футбол клублари юридик шахс сифатида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда ўз таъсис ҳужжатларига асосан фаолиятини Республиканинг барча ҳудудларида ташкил этиш ва юритиш ҳуқуқига эга.
Футбол клублари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур мутахассисларни, шу жумладан чет эллик мутахассисларни ишга жалб қилишга ва ходимлар меҳнатига хақ тўлаш шакллари, тизими, миқдори ва турини, шунингдек бошқа даромад турларини ихтиёрий белгилашга ҳақлидир.
Ҳар қандай футбол клуби ўз фаолиятини ҳаваскор ёки профессионал даражада олиб бориши мумкин.
Футбол клублари таъсисчилари (иштирокчилари) Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда ўз таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда:
футбол клубининг ишларини бошқаришда ҳамда фойдани тақсимлашда иштирок этиш, футбол клуби тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олиш ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлади;
футбол клубига тегишли миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшиш, футбол клуби фаолиятини доимий равишда қўллаб-қувватлаш, футбол клуби фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмаслик мажбуриятини олади.
Ҳар қандай футбол клуби профессионал футбол клуби мақомини олиши учун ЎФАнинг ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган “ЎФА ва ЎзПФЛнинг профессионал даражадаги мусобақаларида иштирок этувчи футбол клубларни лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент талабларига жавоб бериши шарт. Халқаро мусобақаларда қатнашиш учун эса футбол клублари ОФК лицензиялаш талабларини бажариши шарт.







