«Уни эртагаёқ ҳайдаб юборинглар!» — Трамп Украина элчисини бўшатишга буйруқ бергани акс этган ёзув эълон қилинди
2018 йилда Дональд Трамп Trump International Hotel’даги кечки зиёфат вақтида АҚШнинг Украинадаги элчиси Мари Йовановични ишдан бўшатишни буюргани тасвирланган видеоёзув эълон қилинди.
2019 йилнинг майида Украинадан чақириб олинган Йованович бироз аввалроқ Вакиллар палатасида конгрессменларга АҚШ президенти импичменти бўйича терговда кўрсатма берганди.
Демократлар Трампни Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатиш таҳдиди билан Владимир Зеленскийга босим ўтказиш ва уни ўзининг сиёсий рақиби, 2020 йилги президентлик сайловларида демократлар партиясидан асосий номзод бўлиши кутилаётган Жо Байден ва унинг ўғли Хантерга қарши иш очишга ундаганликда айблашмоқда. Трамп ҳар сафар ўзига қарши импичмент ҳақида «жодугарлар ови» дея таъриф беради.
Шанба куни Associated Press нашрининг YouTube-каналида жойлаштирилган видеоёзув 2018 йилнинг 30 апрелида америкалик тадбиркор, Трампнинг шахсий адвокати Рудольф Жулианининг собиқ ҳамкори бўлган Игорь Фруманнинг телефони орқали ёзиб олинган. Бу ролик Жулианининг яна бир собиқ ҳамкори, келиб чиқишига кўра СССРдан бўлган адвокат Лев Парнас тақдим этган бошқа далиллар билан биргаликда импичмент ишини кўриб чиқаётган Сенатга юборилган.
Видеоёзув 1 соат 23 дақиқа бўлиб, учрашув вақтида Трамп Украина АҚШ ёрдамисиз «Россия тажовузи»га қанча вақт қаршилик қила олишига ҳам қизиққан.
«Улар [Украина] Россияга қарши курашга қанча вақт дош бера олишади?», — деб савол беради Трампники дейилган овоз. Сўнг у Мари Йовановични Американинг Украинадаги элчиси (у 2016 йилда Барак Обама президентлиги вақтида лавозимга тайинланганди) лавозимидан бўшатиш мавзусига ўтади.
Видеоёзувда Американинг Киевдаги элчисини «энг катта муаммо» деб атаган Парнаснинг овози эшитилган.
Йовановичнинг исмини тилга олмаган ҳолда Парнас у Украинада президент импичменти ҳақидаги миш-мишларни тарқатиб юргани ҳақида гапиради: «Умуман олганда, у ҳаммаёқда кезиб шундай демоқда: кутинглар, унга импичмент эълон қилинади, кутинглар».
Шундан сўнг президент гапиради: «Ундан халос бўлинглар, эртагаёқ ҳайдаб юборинглар! Буни қандай қилишларинг мени ташвишлантирмайди, аммо эртагаёқ уни қувинглар! Окей? Бажаринглар».
Афтидан, президент ўша вақтда элчининг исмини билмаган, атрофидагилардан у ҳақида сўраган.
Зиёфат иштирокчилари шунингдек, Украина энергетика бозори, АҚШ давлат котиби Майк Помпео фаолияти ва собиқ президенти Жорж Бушнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини муҳокама қилган.
Парнас ким?
Президент Трамп Жулианининг ходимлари таркибида бўлган Парнас билан таниш эмаслигини таъкидлайди.
Ўз вақтида Республикачилар партиясининг сайловолди кампанияси учун фаол равишда маблағ ажратиб келган Лев Парнас эса Жулиани уни Киевга украиналик сиёсатчиларни Жо Байденнинг ўғлига қарши иш очиш мажбур қилиш учун юборгани, буни президент талаб қилгани ҳақида гапирган.
Аввалроқ унинг Венадаги меҳмонхона логотипи акс этган блокнотидаги ёзув эълон қилинган, унда Жулиани унга берган топшириқ ёзилганди: у Киевда Зеленскийни Байденга қарши иш очишга кўндириши керак эди.
Фруман ва Парнас 2019 йил октябрида АҚШда сайловни молиялаштиришда қонунбузарликда айбланиб қўлга олинганди.
Президент Трамп ҳозирча видеоёзув юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.
Шанба куни унинг адвокатлари Сенат қўмитасининг импичмент муҳокама қилинган йиғилишида чиқиш қилиб, демократларни 2016 йилги президентлик сайловлари натижаси қайта кўриб чиқилишига уринаётганликда айблашди.
Импичмент иши бўйича президентга иккита айблов қўйилган - ўз мансабини суиистеъмол қилиш ва Конгресс ишига халақит бериш.
Мари Йованович нега ишдан бўшатилган?
33 йил давомида АҚШ Давлат департаментида ишлаган Мари Йованович 2019 йил майида Киевдаги Америка элчиси лавозимидан чақириб олинган ва шу вақтгача бу изоҳсиз қолмоқда.
У конгрессда қасамёд қилиб берган кўрсатмасида унинг коррупцияга қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари украин сиёсатчиларининг ғазабини келтириб, унинг йўлдан олинишига олиб келгани ҳақида гапирган. Мари Йованович ўз кўрсатмалари доирасида, унинг душманлари Трамп маъмурияти, жумладан президентнинг шахсий юристи Руди Жулиани томонидан ҳам қўллаб-қувватланганидан ҳайратга тушгани ҳақида айтиб ўтган.
Собиқ элчининг тарафдорлари АҚШдаги президентга мойил нашрлар унга кескин ҳужумлар қилишгани ҳақида ҳам эслайди.
Конгрессда чиқиш қилган Йованович ўзининг Трампга хиёнат қилгани ҳақидаги даъволарни асоссиз деб атаган, Давлат департаменти унинг хавфсизлиги учун Украинадан чақириб олгани ҳақида айтган.
Трамп эса элчи гўёки Киевдаги элчихонада унинг портретини илиб қўйишни истамагани ҳақида ҳам гапирган.
«У мен ҳақимда ҳамиша ёмон гаплар айтган, у мени ҳимоя қилмаган, мен эса элчини алмаштириш ҳуқуқига эгаман», - деганди президент Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида.
Мавзуга оид
22:42 / 07.10.2024
Грузия парламенти президентнинг импичментини қайта бошлайди
22:09 / 17.12.2023
Байденга импичмент бўйича суриштирувлар бошланди: шу вақтгача нималар маълум?
22:47 / 18.10.2023
Гуржистон парламенти президент Зурабишвилига импичмент эълон қилолмади
13:14 / 11.09.2023