Фан-техника | 01:42 / 26.01.2020
14256
2 дақиқада ўқилади

Янги Boeing 777X самолётининг илк синов парвози амалга оширилди

Фото: Boeing

Boeing компаниясининг янги кенг фюзеляжли самолёти Boeing 777X синов парвозини ўтказиш учун илк бор ҳавога кўтарилди. Бу ҳақида Boeing компанияси маълум қилди.  

Лайнер Вашингтон штатидаги Эверетт шаҳри яқинидан ҳавога кўтарилган. Компания ушбу парвознинг трансляциясини олиб бормоқда.

Аввалроқ Boeing 777X парвози бир неча марта қолдирилганди. Охирги марта бу 24 январда кучли шамол сабабли юз берган. Компанияда таъкидланишича, ушбу парвоз “икки двигателли энг йирик ва энг тежмакор кенг фюзеляжли” самолёт синовининг энг муҳим босқичи ҳисобланади. 

2019 йил ноябрда лайнер юклама синовларида бўлакланиб кетгани маълум қилинганди. Самолёт фюзеляжи қанотининг ортидаги қисмидан бўлакланиб, ундан йўловчилар кириш эшиги тушиб қолган. Ўшанда компания такрорий юклама синовларини ўтказмаслиги ва бўлакланиш жойидаги конструкцияни мустаҳкамлаши мумкинлиги маълум қилинган. 

Айтиш жоиз, янги самолётнинг синови Boeing жиддий инқирозни бошдан кечираётган вақтга тўғри келмоқда. 2019 йил декабрда компания 6 ой ичидаги иккита авиаҳалокатдан кейин Boeing 737 Max самолётлари ишлаб чиқарилиши тўхтатилишини эълон қилганди.

Мавзуга оид