Президент Шавкат Мирзиёев болаларга нисбатан зўравонлик жиноятлари учун жазоларни оғирлаштирувчи қонунни имзолади.
“Ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар ва муросасиз бўлиши шарт”, деди Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.
Қонун билан 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда.
“Болага зулм қилган, унга жисмоний ёки руҳий азоб берган ҳар бир кимса — у хоҳ таълим муассасаси ходими бўлсин, хоҳ яқин қариндоши — жавобгарликка тортилади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун берилган жазо асло енгиллаштирилмайди.
Бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди.
Ёш боланинг хавфсизлиги шарт-шароит ёки вазиятларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Болалар ҳаёти, соғлиғи, ор-номусига тажовуз қилган ҳар қандай кимса қатъий жазодан қочиб қутула олмаслигини билиши шарт”, – деди Саида Мирзиёева.
Маълумот учун, мазкур қонун аввалроқ резонанс келтириб чиқарган воқеа — Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги боғчанинг 52 ёшли хўжалик ишлари бўлими 5 ёшли қизни зўрлагани фонида қабул қилинди.















