Жамият | 13:27 / 30.01.2020
60649
4 дақиқада ўқилади

«ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас». Чироқчи туман ИИБда вафот этган фуқаро воқеаси юзасидан брифинг ўтказилди

Бугун, 30 январь куни Қашқадарё вилояти ИИБ биносида оммавий ахборот воситалари учун кенг муҳокамага сабаб бўлаётган, ўғриликда гумонланиб, Чироқчи тумани Ички ишлар бўлимига келтирилган фуқаронинг вафот этиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан брифинг ўтказилди.

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида шу масалага бағишланган анжуманда ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ОАВ ходимларига ахборот берди. Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан текшириш ишлари ҳали якунига етмаган.

«ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас, бу табиий ҳолат, олдин ҳам бўлган. Айримлар ўз жонига қасд қилади, айримларнинг тоби қочиб қолади. Бу ҳолат ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинади. Чироқчидаги воқеадан сўнг ҳам эртаси куниёқ ИИВ вакиллари етиб келган. Текшириш бошланган.

Олдиндан текширмасдан туриб баҳолашга ҳаққимиз йўқ. Одам айбдорлигини фақат суд белгилайди. Айтишимиз мумкин бўлган ҳолат шуки, Чироқчи туманидаги бўлимда жуда ҳам кўп камчиликлар аниқланмоқда. Фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинмаслигидан тортиб турли бошқа ҳолатларгача.

Аммо жамоатчилик ҳам эътибор қаратмаган. Сайёр қабулларда айтилмаган. Лангар қишлоғига ИИБ бошқармаси бошлиғи ҳам борганди. Аммо муаммо кўтарилмаган, шу вақтгача йиғилиб келган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ вакили тез орада воқеа юзасидан текширувлар тугагач, қўшимча маълумот берилишини билдирди.

«Тез орада тўлиқ маълумот берамиз. Айбдорлар ҳақда тўлиқ маълумот берилади. Ҳозирча эса олдиндан йиғилиб, қисқача тушунтириш беришга мажбур бўлдик. Балки бизнинг айбимиздир, биринчи кунданоқ хабар бермаганимиз. Чунки бундай анъана олдин йўқ эди.

Аслида биз ходимимиз бўлган тақдирда ҳам бундай ҳолатларни беркитмаймиз. Битта ходим бутун бир вазирлик шаънини ерга уриши мумкин. Ҳар бир ходим ва раҳбарлар фаолиятига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади», дейди вазирнинг матбуот котиби.

ИИВ вакилига кўра, худди шу воқеа ортидан Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ўз хоҳиши билан вазифасидан бўшаган. 

Унинг сўзларига кўра, 2019 йил давомида ИИВ тизимида хизмат интизомини бузган 7037 нафар ходимга чора кўрилган. 2018 йилда бу рақам янада кўпроқ бўлган. 1223 нафар ходим эса маъмурий жавобгарликкка тортилган. Шунингдек 2019 йилда жиноий жавобгарликка тортилган ички ишлар ходимлари сони 133 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоят прокуратураси вакили мазкур ҳолат юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Ушбу иш юзасидан ҳозирга қадар Чироқчи туман ИИБнинг икки нафар ходимига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Суд тиббий экспертиза ҳам тайинланган.

Анжуманда Чироқчи туман ИИБ биносида вафот этган марҳумнинг яқинлари ҳам иштирок этди. Марҳумнинг акаси айрим ИИБ ходимларига нисбатан ишончсизлик билдириб, ишнинг охиригача тўлиқ текширилишига эришишни сўради.

Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи 32 ёшли эркак Ю.А 22 январь куни яшаш уйидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгани, 23 январь куни эса ИИБдан унинг мурдаси чиққани ҳақида хабарлар берилганди. 

Прокуратура мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми («Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилаётганини маълум қилган.

«Дарё» мухбири марҳумнинг яқинлари билан, шунингдек, ўша куни Ю.А билан бирга тергов қилиш учун олиб борилиб, қийноққа солинган ота-бола Қурбон Остоноев ва Баҳром Авлиёқулов билан ҳам гаплашган. Уларнинг барчаси Ю.А шафқатсизлик билан калтакланганини таъкидлашган, ИИБ ходимлари қотилликни яшириш учун гувоҳларнинг оғзини ёпишга урингани ҳақида айтиб беришганди.

Мавзуга оид