28 январь куни Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасида ўтган матбуот анжуманида Аҳмадбойдан жабрланган бир гуруҳ фуқаролар ҳам иштирок этишди.
Kun.uz мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.
Ўғилой Аҳмедова (Сирдарё вилояти):
– Аҳмадбойга ҳамма пул берган пайтда мен ҳам 16500 доллар бергандим. Ўша пайтдаги аҳволимни тасаввур ҳам қилолмайсизлар. Унга пул берганлар қандай кўйга тушган бўлса, мен ҳам шу ҳолни бошдан кечирдим. Анча тушкунликларга тушдим. Энди умуман Аҳмадбойларга ишонмайман, ҳеч кимга пул бермайман, бошқаларни ҳам молиявий пирамидаларга ишонмасликка чақираман.

Берган пулларимни олишдан умидимизни узгандим. Пулимнинг учдан бир қисмини бугун пластигимга ташлаб беришди. Бунинг учун барча мутасаддиларга катта раҳмат.
Абдуқаҳҳор Қўчқоров (Жиззах вилояти):
Пенсионерман, иккинчи гуруҳ ногирониман. 2016 йил март ойида пенсиямни йиғиб, тўплаган пулларимни Аҳмадбойга бергандим. Беришдан олдин Чинозга бориб, суриштириб кўрдик. Ҳамма топшираётган экан, навбат катта. Борганимизда пулларни банкнинг машинасида мелисалар билан олиб кетишганди. Шуларни кўргач, биз ҳам пулимизни ишониб бердик. Шундан фойда оламиз, деб ўйлагандик.

Икки ой фоизини олдик, учинчи ойга бориб ташкилот ёпилди. Шундан кейин пулларимиздан умидимизни узгандик.
Хато қилганман. Аҳмоқчилик дейдими, бошқами, нима бўлсаям, нотўғри қилганман. Шошиб қолганмиз. Бугун топширган пулларимнинг учдан бирини қайтариб беришди. Хурсандмиз.
Маҳфуза Ҳожиматова (Тошкент шаҳри):
– 2016 йил кўчадан, таниш-билишлардан эшитиб, Ипотекабанкда турган 27 млн сўмимни Аҳмадбойга олиб бориб берганман. Ҳар ойнинг 23-санасида келиб, фоизингизни олиб кетасиз дейишди. Биринчи ойнинг фоизини олишимга бир ҳафта қолганда ёпилиб қолди. Жудаям қаттиқ сиқилдим. Бошимда эрим, бола-чақам йўқ, ўша пайтда ишсиз эдим, шу пулга яшаётгандим. Ишим ҳам йўқ, пулим ҳам йўқ, энди нима қиламан деб «шок»ка тушдим, тўғриси.











