Суд уни аввалги жиноят иши бўйича тайинланган жазони қўшиб, 14,5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Маҳкум маҳкамадан сўнг журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
«Мен бу фаолиятимни 10 йил юргизганман. 2006 йилда бошлаб, аввалига фақат чорва билан иш қилганман. Ўзим қассобман – мол олардим, фуқароларга мол берардим... Тўғри, қилган ишимдан пушаймонман. Молни фоиз ҳисобида берганман, Худонинг ўзи кечирсин.
Шу ўйинга кирганман. У ўйинга киргандан кейин, чиқа олмайсиз. Қийин нарса у... Менда фуқароларнинг пули кўпайганидан кейин, уларнинг пулини ферма ва шу каби нарсаларга қўйиб, пулини «оборот қилиб», ўзларига тақсимлаб бермоқчи бўлганман. Вазият шунақа бўлди, энди», – дейди Аҳмаджон Турсунбоев.
– Шу 10 йиллик фаолиятингиз давомида ҳеч қайси давлат органи билан ўртангизда муаммо бўлмаганми?
– Йўқ... Битта нарса: агар сиз бировнинг пулини бермасангиз ва у ариза билан шикоят қилса, унда ташкилотингизни ёпишади. Энди ўзингиз ўйланг, мен одамларнинг пулини вақтида тўлаганман-ку, жой-жойига қўйиб берганман. Олинган пулларни қандай қайтаришим эса мени муаммом.
Текширишлар бўлмаган, фаолиятимни 2006 йилда бошлаб 10 йил юргизганман.
– Охири барибир шу билан тугашини билармидингиз?
– Менинг мақсадим ёмонлик қилиш бўлмаган. Мақсадим ишлаш бўлган. Энди, фуқаролар кўпайганидан кейин, уларнинг пулини нима қилишим керак. Жой қурганман, ферма қурганман, шуни юрғизаман деб ҳаракат қилганман. Фуқароларни алдамоқчи бўлмаганман.
– Сизга кўплаб санъаткорлар пул бергани ҳақида гап-сўзлар юради.
– Фалончи артист сизга пул берган экан, деган гапни мен ўзим ҳам кўп эшитдим. Мен, биринчидан, санъаткорлар билан олди-берди қилмаганман. Ўша пайти ўғил тўй қилганимда тўёна ҳисобидан келган у артистлар. Шерали Жўраевдан пул олибди, Озодбекдан пул олибди деган гаплар миш-миш. Мен артистлар билан умуман пул олди-берди қилмаганман.
Биров орқали киргизмаган бўлса агар, бирон бир артист шахсан ўзи келиб қўлимга 50-100 минг доллар бермаган.











