2022 йилнинг апрел ойида фуқаро Б.Қ. аукцион орқали Олмазор тумани, Форобий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги квартирани қарийб 700 млн сўмга сотиб олади. Бу квартира 2015 йилдан 2019 йилгача расман чинозлик Аҳмадбой (ўз даврида жуда кўп миқдордаги фирибгарлик жинояти учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган Аҳмаджон Турсунбоев)нинг мулки бўлган.

Ушбу хонадон 2019 йилда суд ҳукми билан Аҳмадбойнинг бошқа мулклари қатори давлат эгалигига ўтказилган ҳамда аукцион савдоларига чиқарилган. Ҳукмда сотувдан тушган маблағни зарар кўрган жабрланувчиларга пропорционал тарзда тақсимлаб бериш кўзда тутилган. Қарийб 2 йил давомида хонадон бир неча маротаба аукционга қўйилган, аммо сотилмаган.

Фуқаро Б.Қ. 2022 йил 27 апрел куни ўтган такрорий онлайн аукцион ғолиби бўлади ва уйнинг пулини тўлиқ тўлаб, мулкни ўз номига ҳужжатлаштириб олади. Аммо мулк эгаси сифатида сотиб олган уйига бориб яшай олмайди. Сабаби, хонадонда бошқа фуқаро – мазкур уйни 2015 йилда Аҳмадбойга сотган Н.Т. истиқомат қилиб келмоқда. Янги эга хонадонни бўшатиб беришни сўрайди, аммо собиқ эга уйни ўз ихтиёри билан бўшатишдан бош тортади.

Уйнинг аввалги эгаси ундан анча аввал айрилган

Аҳмадбой шериклари билан жиноий хатти-ҳаракатлари натижасида қўлга киритилган пул маблағларини легаллаштириш мақсадида асосан уй ва автомашиналар харид қилишган. Жумладан, низо объекти бўлган Олмазор тумани, Форобий кўчасидаги квартира ҳам ана шундай – жиноий хатти-ҳаракатлари натижасида қўлга киритилган пул маблағлари эвазига сотиб олинган.

Фақат бу ўринда хонадон эгаси бўлган Н.Т. Аҳмадбойга эмас, уйини унга сотиб берган “маклер” А.Э.га алданиб қолган.

2015 йилнинг август ойида фуқаро А.Э. таниши Н.Т. Олмазор тумани, Форобий кўчасидаги хонадонини сотмоқчи бўлиб юрганини эшитади. Унга уйини сотиб олиш учун мижоз топиб беришини айтади ва шу йўл орқали унинг ишончига киради. “Маклер” мазкур хонадон ўз уйи эканлигини айтиб, уни 90 минг АҚШ доллари эвазига Аҳмадбойга сотади ва нотариал тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштиришга эришади.

А.Э. Аҳмадбойдан олган 90 минг долларни уй эгаси бўлган Н.Т.га бермасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Судда сўралган А.Э. фуқаро Н.Т. Аҳмадбойни танимаслигини, унинг уйи ўзи айтган нарх – 90 минг долларга сотилгани, пуллар 6 ойда 3 марта бўлиб берилишини айтганида уй эгаси бунга рози бўлганлигини, шу сабабли нотариус орқали расмийлаштирув жараёнида олди-сотди шартномасига имзо қўйиб берганлигини айтиб, кўрсатма берган. Шунингдек, у ўз кўрсатмасида Аҳмадбой хонадонни қонунан сотиб олганлигини, 2015 йилнинг июл-декабр ойлари оралиғида ундан 90 минг доллар пулни олиб, уй эгасига бермасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлигини, одамлардан қарзи кўпайиб кетганлиги сабабли ишлари орқага кетиб, Н.Т.нинг пулларини қайтара олмаганлигини таъкидлаган.