Ғилдиракли янги транспорт воситаларини экологик сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
2022 йил 1 январдан бошлаб заҳарлилик даражаси ”Евро-4” экологик тоифа талабларига мос келмайдиган ”М” ва ”N” тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларини фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида ”вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига жойлаштириш ман этилади.
Ғилдиракли янги транспорт воситаларини экологик сертификатлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорда айтилишича, Ўзбекистон Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 30 октябрдаги Фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб заҳарлилик даражаси ”Евро-4” экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизел двигателлари билан жиҳозланган ”М” ва ”N” тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларини фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида ”вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига жойлаштириш ман этилган.
Ҳужжат билан, Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган ”М” ва ”N” тоифалардаги ғилдиракли янги транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини экологик сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга илова қилинган низомга кўра, ғилдиракли янги транспорт воситасига мувофиқлик ҳақидаги экологик сертификатни олиш учун ариза берувчи экологик сертификатлаш органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
ариза; Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кирганлиги тўғрисида белги қўйилган юк ташиш ҳужжатларининг нусхаси (юк хати, инвойс, ҳисобфактура); ғилдиракли янги транспорт воситасининг паспорти (ғилдиракли транспорт воситаси ишлаб чиқарилган ва унга тақдим этилган санаси кўрсатилган ҳужжат) ёки ҳисоб-маълумотномаси; ғилдиракли янги транспорт воситалари учун — экологик стандартдан паст бўлмаган экологик тоифа меъёрларига ғилдиракли янги транспорт воситаларининг мослигини тасдиқловчи ҳукжатлар нусхаси (синов баённомаси, хулоса, сертификатлар, гувоҳнома).
Ҳужжатлар экологик сертификатлаш органига ”Ягона дарча” божхона ахборот тизими ёки тўғридан-тўғри экологик сертификатлаш органига мурожаат қилиш орқали тақдим этилади.
Экологик сертификатлаш органи тақдим этилган ғилдиракли янги транспорт воситасининг ҳужжатларини таҳлил қилади ва экологик сертификатлаш тўғрисида қарор қабул қилади ёки агар тақдим этилган ҳужжатлар низомда кўрсатилган талабларга жавоб бермаса, бир иш куни мобайнида тегишли камчиликлар кўрсатилган ҳолда ариза берувчини хабардор қилади.
Бунда ариза берувчи ҳужжатлар билан боғлиқ камчиликларни ўн календарь кунда бартараф этиши ва тегишли ҳужжатларни экологик сертификатлаш органига тақдим этиши лозим, акс ҳолда ариза берувчига экологик сертификатлаш органи ҳужжатларни ”Ягона дарча” божхона ахборот тизими воситалари билан ёки алоқа почтаси орқали унинг манзилига қайтаради.
Экологик сертификат ”Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг электрон маълумотлар базасига киритиш орқали ёки тўғридан-тўғри ариза берувчи (ариза берувчининг ишончли вакили)га тақдим этиш билан берилади.
Ушбу қарор 2022 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.