Ўзбекистон | 09:55 / 03.02.2020
13468
2 дақиқада ўқилади

Ҳукуматнинг парламентдаги ваколатли вакили тайинланди

Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили тайинланди. 

Фото: KUN.UZ

Ҳукумат қарори билан Маъруфжон Маматожиевич Тожибоев Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 28 сентябрдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили лавозими жорий этилган эди. 

Қарорга кўра, ваколатли вакил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонунлар ва бошқа ҳужжат лойиҳаларини тайёрлашда ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш, уларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида кўриб чиқиш, келишиш ва ахборот бериш жараёнларида иштирок этиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида қонунлар лойиҳалари, бошқа масалаларни муҳокама этиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида қонун лойиҳаларини (қонунларни) кўриб чиқишда иштирок этадиган Ҳукумат вакиллари таркибини шакллантиришда иштирок этиши белгиланган.

Бундан олдин, Ҳукуматнинг парламентдаги вакили ҳозиргача тайинланмагани айтилганди.

Мавзуга оид