Ўзбекистон ҳукумати ҳам Хитой билан авиаалоқаларни вақтинча тўхтатган. 29 январь куни «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида» президент фармойиши қабул қилинган.

4 февраль кунидан Uzbekistan Airways авиакомпанияси коронавирус тарқалиши сабабли Хитойга (Пекин ва Урумчи) мунтазам рейсларни вақтинча тўхтатади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус юқтирган бемор йўқлигини маълум қилган. Сўнгги ҳафталарда мамлакатдаги барча чегара пунктларида кириб келувчилар қатъий назоратдан ўтказилмоқда.

31 январь куни Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан учиб келган жами 4194 нафар, темир йўллари орқали эса 953 нафар фуқаро санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган. Натижада Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг вирусология лабораториясига коронавирусга текшириш учун 21 нафар фуқародан намуналар олинган. Ўтказилган тиббий текширувлар натижасида намуналар орасида коронавирус касаллигининг вируси топилмаган.

Ўзбекистон 4-5 февраль куни махсус чартер рейслар орқали Хитойдаги, жумладан, Уханда қолаётган фуқароларни (Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра Уханда айни вақтда 81 нафар ўзбекистонлик бор) ватанга олиб келишни режалаштирмоқда.

Вирус қурбонлари ҳақида сўнгги маълумотлар

Хитой Халқ Республикаси давлат соғлиқни сақлаш қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, 2019-nCov коронавируси юқиши оқибатида юзага келган пневмониядан вафот этганлар сони 304 нафарга етган, шунингдек 14 380 киши вирусдан зарарланган. Бир кун ичида яна 2590 кириши вирусни юқтириб олгани аниқланган. 2110 киши оғир аҳволда қолмоқда, 328 киши тузалган.

ХХРдан ташқарида яна 100га яқин вирусдан зарарланиш ҳолатлари аниқланган.

Ўлим ҳолатидан кейин Манила аҳолиси тиббий ниқоблар учун ёпирилиб келди

Филиппинда январь ойида Ухандан рафиқаси билан келган 44 ёшли хитойлик вафот этди. У вирусни Хитойдалигида юқтириб олган, ўзини ёмон ҳис қила бошлагач Маниладаги шифохонага ётқизилганди. Унинг аҳволи барқарор бўлиб турганди, сўнгги 24 соат ичида эса оғирлашиб вафот этган. Бу Хитой ҳудудидан ташқаридаги илк ўлим ҳолати бўлди. Мамлакат ҳукумати Хитойнинг Маниладаги элчихонаси билан доимий алоқада бўлиб турибди. Марҳумнинг жасади катта эҳтимол билан куйдирилади.