Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда пиротехника буюмлари муомаласи устидан назорат тизими кучайтирилади
Ўзбекистон ҳудудида пиротехника буюмларининг муомаласи устидан назорат тизимини кучайтириш чоралари тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди
Ҳужжат Ўзбекистон ҳудудида пиротехника буюмларининг муомаласини давлат томонидан назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, уларни қўллаган ҳолда маданий-томоша ва бошқа кўнгилочар тадбирларни ўтказиш давомида фуқаролар ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтириш мақсадида қабул қилиниши мумкин.
Пиротехника буюмларидан фойдаланиш жойини, вақтини ва шарт-шароитларини олдиндан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ оммавий тадбирларни ўтказиш давомида пиротехника буюмларидан фойдаланиш олдиндан келишишни талаб қилинмайди.
Олдиндан келишиш техник ва махсус мақсаддаги пиротехника буюмларидан (хавфлиликнинг III – V класслари) фойдаланиш жойи жойлашган ҳудуд бўйича туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг ва фавқулодда вазиятлар бўлимлари томонидан мувофиқ схема бўйича берилади.
Олдиндан келишиш қўйидаги кетма-кетликда берилади:
биринчи босқичда – туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари;
иккинчи (якуний) босқичда – туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) томонидан.
Олдиндан келишиш мувофиқ шаклда берилади ҳамда юридик шахсларнинг унда кўрсатилган пиротехника буюмларидан фойдаланишга мўлжалланган жойда (объектда), вақтда ва шарт-шароитларида фойдаланиши учун асос ҳисобланади.
Олдиндан келишиш, одатда, юридик шахсининг аризасида кўрсатилган муайян жойда (объектда), вақтда ва шарт-шароитларида техник ва махсус мақсаддаги пиротехника буюмларидан бир маротаба фойдаланиш учун берилади.
Бир қатор пиротехника буюмларидан фойдаланиш бир турдаги пиротехника буюмларидан фойдаланиш дастури бўйича айнан битта жойда (объектда) ва шарт-шароитларида амалга оширилган тақдирда юридик шахснинг аризасига кўра ваколатли органлар томонидан пиротехника буюмларидан фойдаланишларнинг умумий сонини кўрсатган ҳолда, бир ойгача амал қилиш муддати билан, бир қатор пиротехника буюмларидан фойдаланиш учун ягона олдиндан келишиш берилиши мумкин.
Олдиндан келишишни олиш учун аризачи ҳар бир ваколатли органга пиротехника буюмларидан фойдаланиш мўлжалланган санадан олдин етти иш кунидан кам бўлмаган муддатда икки нусхада мувофиқ шаклда аризани тақдим этиб, унга қуйидагиларни илова қилади:
пиротехника буюмларидан фойдаланиш ишлари раҳбари ва уларни бажаришга жалб этилаётган ходимлар махсус тайёргарликдан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхалари;
отиш майдончаси ва хавфли ҳудуд доираси туширилган ҳолда объект атрофидаги ҳудуд харитаси ҳамда фуқаролар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича асосий тадбирлар рўйхати кўрсатилган пиротехника буюмларидан фойдаланиш дастури.
Аризачидан ўзга ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Аризачи томонидан олдиндан келишишни бериш тўғрисидаги ариза ваколатли органларга бевосита, почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади.
Аризада аризачининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарномани ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигини билдиради.
Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар аризачининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Аризанинг иккинчи нусхаси ариза қабул қилинган санаси кўрсатилган ҳолда аризачига дарҳол берилади (юборилади).
Ваколатли органлар аризачининг оғзаки ёки ёзма шаклдаги, шу жумладан электрон ҳужжат шаклида жўнатган сўровномаси бўйича олдиндан келишишни олишда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш масалалари юзасидан маълумотларни ва маслаҳатларни беғараз асосда тақдим этади.
Олдиндан келишишни бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун ваколатли органлар томонидан йиғим ундирилмайди.
Олдиндан келишишни бериш ёки олдиндан келишишни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор аризачининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга ваколатли органлар томонидан олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддат ичида қабул қилинади.
Олдиндан келишишни бериш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кунда ваколатли органларга кўриб чиқиш учун киритилади.
Ваколатли органлар аризани олган кундан бошлаб уч иш кунидан ошмаган муддатда аризачида пиротехника буюмларидан фойдаланиш учун мавжуд шарт-шароитларни ҳамда фуқаролар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилган чораларни ўрганиб чиқиш учун кўрсатилган муддат доирасида ўз маблағлари ҳисобидан жойига бориб баҳолаш ҳуқуқига эга.
Ўрганиб чиқиш, қоида тариқасида, ваколатли органлар томонидан биргаликда амалга оширилади.
Ваколатли органлар тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда аризачига олдиндан келишишни беради (юборади) ёки олдиндан келишишни беришни рад этиш ҳақидаги ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади.
Олдиндан келишишни беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги, ёхуд тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;
пиротехника буюмларидан фойдаланиш учун мавжуд шарт-шароитларни ҳамда фуқаролар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилган чораларни аниқлаш учун ўтказилган ўрганишларнинг якунлари бўйича асослантирилган салбий хулоса олинганлиги.
Олдиндан келишишни беришни ўзга асослар бўйича, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли рад этишга йўл қўйилмайди.
Олдиндан келишишни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома аризачига рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва аризачи мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади). Аризачи рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб тарзда белгиланиши, бироқ ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Аризачи олдиндан келишишни бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, олдиндан келишишни бериш ёки уни беришни рад этиш аризачининг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан уч иш кунидан ошмаган муддатда ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
Олдиндан келишишни бериш тўғрисидаги ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли органлар томонидан аризачига илгари ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.
Олдиндан келишишни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин аризачи томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли органлар томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
Аризачи ваколатли органларнинг олдиндан келишишни беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан, шунингдек ваколатли органлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
17:41 / 17.01.2026