Ўзбекистон | 12:13 / 12.02.2020
5338
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 16та янги мини ГЭС қуради ва 4та ГЭСни модернизация қилади

Ҳудудларда ишлаб чиқариш ва инженерлик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, бунга республика ва маҳаллий бюджетларнинг прогноздан юқори тушумларининг ярмини йўналтириш кўзда тутилган

Фото: Игорь Агеенко

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, йил давомида амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Бунда:

республика ва маҳаллий бюджетларнинг прогноздан юқори тушумларининг ярмини инфратузилма объектларини ривожлантиришга йўналтириш;

мазкур маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган инфратузилма объектларининг манзилли рўйхатини ишлаб чиқиб, маҳаллий кенгашлар томонидан тасдиқланишини таъминлаш;

1042,1 км ичимлик суви тармоқлари, 86 км умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, 2833,3 погон метр кўприклар ва йўл ўтказгичлари, 279,5 км ирригация тизими, 515 км мелиоратив коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш;

умумий қуввати 127,2 МВт бўлган йилига ўртача 534,1 млн. кВт.соат электр энергия ишлаб чиқарувчи 16 та янги мини ГЭСларни қуриш ва 4 та ГЭСни модернизация қилиш;

2020-2022 йилларда йўл қурилишига 9,8 трлн. сўм, сув тармоқларига - 4,6 трлн. сўм, электр тармоқларига - 18,2 трлн. сўм, табиий газ таъминотига - 1,2 трлн. сўм маблағ ажратиш;

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ҳисоб палатаси иштирокида ушбу маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини жойларга бориб ўрганиш тизимини жорий этиш назарда тутилади.

Ижро учун масъуллар - Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва ташкилотлар, Қонунчилик палатаси (келишув асосида), Ҳисоб палатаси Ҳисоб-китобларга асосан Республика ва маҳаллий бюджетларнинг прогноздан юқори тушумлари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид