Қашқадарё вилояти марказида оилавий тадбиркорлар ўзлари қурган мулкка эгалик қила олишмаяпти. Бу ҳақда Қашқадарёда минглаб ишчи ўринлар яратган тадбиркор ўн ака-ука Сафаровлар оиласи номидан ишончли вакил Чори Сафаров таҳририятга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Сафаровлар оиласига тегишли мулк суд қарорларига асосан шу жойда ижарада турган давлат улушига эга ташкилот Қарши шаҳар — «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖга ноқонуний тарзда олиб берилган. Мулк эгаси бўлмиш Сафаровлар эса 13 йилдирки уни қайта қўлга кирита олмасдан сарсон бўлишмоқда.

Келинг, ҳаммасига бир бошидан ойдинлик киритамиз.

2001 йил 12 январда Қарши шаҳар ҳокими Ю.Қараевнинг қарори билан шаҳарнинг Жайхун кўчасидан «Чори-С» фирмасига (раҳбари — Сафаров Чори Беғамович) «Қурилиш материаллари бозори»ни лойиҳалаштириб қуриш учун 3,8 гектар ер ажратилади.

Чори Сафаров ўзига ажратиб берилган ерда қурилиш материаллари сотишга ихтисослашган бозор қурилишини бошлайди ва у тўлиқ битмасдан, 2001 йилнинг 16 июль куни нотариус орқали акаси Эркин Сафаровга №848-сонли ҳадя шартномаси орқали ҳадя қилади.

Эркин Сафаров бозорни тўлиқ қуриб битказади ва қурилиш материаллари сотишга мўлжалланган бозорни автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш учун мослаштиради. Сўнгра 2004 йил 15 апрелдаги олди-сотди шартномасига кўра, Эркин Сафаров эҳтиёт қисмлар (қурилиш материаллари) бозорини укаси Сафаров Тўлқинга сотади. 2004 йилда бозорга муддатли фойдаланиш ҳуқуқи билан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилади.

2004 йилда имзоланган ижара шартномасига кўра, Қарши шаҳридаги «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ Тўлқин Сафаровга тегишли «Анвар-Осиё» хусусий корхонаси билан ижара шартномаси имзолайди ва ойига 300 минг сўм ижара ҳақи эвазига, Қарши шаҳри Жайхун кўчасида жойлашган «Эҳтиёт қисмлар бозори»нинг бино ва иншоотларидан фойдалана бошлайди.

Шу ўринда бир ойдинлик: «Ихтисослаштирилган автомобиль бозори» МЧЖ қандай ташкилот эди? У 2003 йил 2 декабрда ташкил топган бўлиб, устав жамғармасининг 51 фоизи (1 млн 387 минг 200 сўм) Қарши шаҳар ҳокимлигига тегишли, 49 фоизи эса (1 млн 332 минг 800 сўм) Сафаров Эркин Беғамович томонидан