Трамп хорижий раҳбарлар билан телефон суҳбатларини махфийлаштириб қўйиши мумкин
Оқ уй ходимлари кўп йиллар давомида суҳбатларни тинглаш билан шуғулланган, аммо АҚШ президенти «бу амалиётни бутунлай тўхтатиши мумкинлиги»ни маълум қилди. Хусусан, у суҳбатларнинг тафсилотлари матбуотга ошкор бўлганидан норози
АҚШ президенти Дональд Трампнинг iHeart радиостанциясига интервьюда маълум қилишича, ўз маъмурияти ходимларига хорижий давлатлар раҳбарлари билан телефон суҳбатларини тинглашни тақиқлаб қўйиши мумкин.
«Бу улар кўп йиллар давомида қилган иш. Бошқа давлатлар раҳбарларига қўнғироқ қилганингда, одамлар суҳбатни эшитади», - деди Трамп (Bloomberg’дан иқтибос). Америка етакчисининг сўзларига кўра, у «бу амалиётни бутунлай тўхтатиши мумкин».
Трампнинг бошқа давлатлар етакчилари билан телефон орқали сўзлашувлари Оқ уйдаги миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчилар, шунингдек, Давлат департаментининг юқори лавозимли мулозимлари ва разведка идоралари томонидан доимий равишда кузатиб борилади. АҚШ президенти сўзларига кўра, унинг суҳбатларини 25 нафаргача киши тинглайди.
Агентликнинг таъкидлашича, бу ҳукуматдаги амалдорлар Трамп муҳокама қилаётган мавзулардан хабардор бўлиб туриши учун қилинади. Бундан ташқари, суҳбатларни тинглаш президент манфаати йўлида ҳам амалга оширилиши мумкин, айниқса, агар уларнинг якунига кўра хорижий давлатлар асл маънони бузадиган ҳисоботларни эълон қилса. Аммо Трамп суҳбатлар тафсилотлари матбуотга ошкор бўлганидан норозилигини билдирди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида CNN Оқ уйдаги манбаларга таяниб, Трампнинг маслаҳатчилари хорижий етакчилар билан телефон суҳбатларни тинглашга рухсат берилган маъмурият ходимлари сонини чеклаб қўйгани ҳақида хабар берди. Агентлик манбаси таъкидлашича, бу чоралар маълумот сизиб чиқишининг олдини олиш учун қилинган. Телеканал суҳбатдошлари ўзгаришларни ҳазил билан «Виндман қоидаси» деб аташди - 2019 йил июль ойида Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон мулоқотига гувоҳ бўлганлардан бири подполковник Александр Виндман шарафига.
Ушбу суҳбат Трампга нисбатан импичмент жараёнининг бошланишига сабаб бўлди. Суҳбат давомида у Киевдан Хантер Байден (собиқ вице-президент, Трампнинг сайловлардаги эҳтимолий рақибларидан бири Жо Байденнинг ўғли)га қарши тергов бошлашни сўраган. Демократларнинг фикрига кўра, президент ўз сиёсий мақсадларига эришиш учун шу тарзда Зеленскийга босим ўтказган.
Шу йилнинг январь ойида импичмент тўғрисидаги иш сенатга кўриб чиқиш учун юборилди. Президент ваколатларни суиистеъмол қилганлик ҳамда Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ конгресс ишига тўсқинлик яратишда айбланди. 6 февраль куни Трамп ҳар икки банд бўйича ҳам оқланди.
Мавзуга оид
15:44
АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024