Сурхондарё вилояти Олтинсой туманининг «Халқобод» маҳалласида фермер хўжалигига ажратилган ер майдонида ноқонуний тураржойлар барпо этган фуқаролар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги можаро катта шов-шув келтириб чиқарди.

Фото: Скриншот / You Tube

Можаро юзасидан кетма-кет равишда ИИВ, бош прокуратура ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг расмий муносабатлари эълон қилинди. Баёнотларда фуқароларнинг ер участкасини ноқонуний эгаллашгани, 14 февраль куни юз берган жанжал натижасида икки нафар ички ишлар органи ходимларига тан жароҳати етказилганига урғу қаратилди.

Ким ҳақлиги борасида жамоатчилик фикри иккига бўлинган. Ушбу баҳсли масала юзасидан депутатлар, партия раҳбарлари ҳам ўз позицияларини маълум қилишмоқда.

Лекин маҳаллий фуқаролар томонидан олинган тасвирларда халқободликлардан бири қонга беланиб ётганини кўриш мумкин. Тартиб посбонлари кекса кишини судрашгани ҳам айтилган. Расмий муносабатларда бу саволга ойдинлик киритилмаган.

Халқободда нима бўлганди ўзи? Kun.uz мухбирлари вазиятга ойдинлик киритиш ва расмий муносабатларда тилга олинмаган жиҳатларни ўрганиш учун Олтинсойда бўлди.

Халқобод маҳалласи жуда катта. Бу ерда яшовчиларнинг ота-бобоси ўтган асрнинг 50-йилларида тоғдан тушиб келиб, шу адирликларни обод қилиб, макон тутишган. Ҳозир бу масканда 10 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Бу ердаги аҳоли учун иккита мактаб бор. Ўқитиш ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади.