Миллиардер деганда одатда кўпчиликнинг кўз ўнгида бадавлат эркаклар намоён бўлади. Аммо дунёда миллиардер аёллар ҳам кам эмас. Бу хонимларнинг аксарияти ўз бойлигини мерос орқали қўлга киритган бўлсада, қолдирилган бойликни нафақат сарфлаш, балки кўпайтиришга салоҳияти етганлари ёки ўз ақли ва тадбиркорлиги ортидан пул ишлайдиганлари ҳам бор.
Келинг, уларнинг айримлари билан танишамиз.
Франсуаза Беттанкур-Майерс, умумий бойлиги қиймати 57,6 миллиард доллар (2020 й.)

Франциядаги L’Oréal компаниясининг донғи жаҳонга кетган. Жаҳон аёлларининг пардозга сарфлайдиган миллиардларининг салмоқли қисми L’Oréal ғазнасига бориб тушиши ҳеч кимга сир эмас. 2017 йилда айнан шу компания акцияларининг 33 фоизини мерос орқали қўлга киритган Франсуаза Беттанкур-Майерс хоним бугунги кунда қатор рейтинглар бўйича дунёнинг энг бой аёли мақомини ўзида сақлаб турибди.
1953 йилнинг 10 июлида туғилган Франсуаза L’Oréal асосчиси Эжен Шюллернинг набираси, Лилиан Беттанкурнинг ягона қизидир. Катта маблағ Франсуаза Беттанкур-Майерсга йирик хайрия ишлари билан шуғулланиш имконини беради. У ҳар йили ёш олимларнинг тадқиқотларини молиялаштириш учун 250 млн евро маблағ сарфлайди.
Элис Уолтон — умумий бойлиги қиймати 53,2 миллиард доллар (2020 й.)

1949 йилнинг 7 октябрида АҚШдаги энг йирик савдо тармоғи – «Walmart» асосчилари Сэмюэль Мур Уолтон ва Ҳелен Робсон Уолтон оиласида туғилган Элис уч ўғил Роб, Жим ва Жон орасидаги ягона қиз эди. У Техасдаги Тринити университетини муваффақиятли якунлаганидан сўнг молия ва иқтисодиёт соҳасида диплом олади ва оилавий компанияда ишлай бошлайди. Кейинчалик, 1988 йилда у ўзининг «Llama» молиявий компаниясига асос солади. Отасининг ўлимидан сўнг банкини ёпади ва Техасдаги ранчога жўнаб, отларни парваришлаш билан шуғуллана бошлайди.
Қимматбаҳо картиналар коллекционери бўлган Элис хоним тасвирий санъат йўналишидаги хайрияларни ҳам молиялаштиради.



















