Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш ҳамда атамашунослик бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари ҳамда республикада доимий истиқомат қилаётган бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли, шу жумладан хорижий фуқаролар учун Университет ҳузурида юридик шахс мақомига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтлари ҳузурида ҳудудий бўлинмаларига эга бўлган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилди.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган ўқув ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;

давлат хизматчиларининг ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни ёзиш бўйича назарий ҳамда амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ёзма ва оғзаки саводхонлигини ошириш, ўзбек адабий тили меъёрлари, ўзбек тилининг тузилиши бўйича амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини тизимли асосда ошириб бориш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;

давлат хизматчилари ва аҳолининг нутқ маданияти ҳамда нотиқлик маҳоратини ошириш;

соҳалар кесимида давлат тилида иш юритиш бўйича оммабоп қўлланмалар яратиш;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

соҳага оид ўқув ва малака ошириш курсларининг, шу жумладан масофавий ўқитишнинг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириб бориш.

Белгиланишича:

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари учун татбиқ этиладиган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари қўлланилади;