UzAuto Motors енгил автомобиллар нархини кескин ошириши катта норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Kun.uz мухбири Ўзбекистондаги бир қанча сиёсий партиялар раҳбарлари ва сенаторлардан бирининг автомобиль нархлари ошишига муносабати билан қизиқди.

Наримон Умаров: «Бу ҳолат монополия юзага келтириши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг ўндан бири»

 «Адолат» СДП лидери Наримон Умаров фикрича, UzAuto Motors томонидан халқимиз орасида энг талабгир ҳисобланган бир нечта маҳсулотларнинг нархи ҳеч қандай огоҳлантиришсиз 21 фоизгача оширилиши монополия юзага келтириш мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг 10 дан бирини амалда ифодалаб берди.

«Ҳеч қандай муҳокамаларсиз, ўрганишларсиз бу сингари қарорнинг қабул қилиниши аҳоли ўртасида эртанги кунига бўлган ишончсизликка олиб келади.

Автомобиллар таннархининг ошиши катта эҳтимол билан импорт қилинаётган бутловчи қисмлар нархи ошгани билан боғланса керак (суҳбат UzAuto Motors янгиликка изоҳ беришидан олдин ёзиб олинди. – таҳр).

Бу ҳолат ҳалигача маҳаллийлаштириш бўйича корхона олдига қўйилган вазифалар етарли даражада бажарилмаганини ёки фақат қоғозда бажарилганини кўрсатади», деди партия лидери.

Наримон Умаров сўзида давом этаркан, UzAuto Motors`дан қачонгача корхона фойдасини ва ортиқча харажатларни халқимиз бўйнига юклаш билан кун кўриши бўйича изоҳ талаб қилди.

«Маҳсулотлар учун янги бозорлар қидириш, маркетингни тўғри йўлга қўйиш, корхонанинг ортиқча харажатларини чеклаш, раҳбариятни, ходимларни ортиқча рағбатлантиришларни чеклаш орқали ҳам фойдани кўпайтириш мумкин-ку.

Шу билан бирга, UzAuto Motors очиқлик, ошкоралик, рақамли иқтисодиёт каби тушунчалар кун тартибига чиққан шароитда ҳанузгача бутловчи қисмлар етказиб берувчилар ўртасида очиқ танлов эълон қилмаяпти. Шу йўл билан ҳам маҳсулот таннархи анча камайишига эришиш мумкин.

Бир миллион сўм ҳам пул деб ҳисобловчи аҳолининг ўртаҳол қатлами орасида харидоргир бўлган машиналар нархини ошириб, пул топиш асосий муаммоси ҳисобланмайдиган аҳоли харид қиладиган машиналар нархини ошмаслигини қандай тушуниш мумкин? Бу аҳоли қатламлари ўртасидаги тенгсизлик кучайишига олиб келади.