Жаҳон | 09:16 / 13.03.2020
24351
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Абдулла ўз фармони билан Ашраф Ғанининг ваколатлари муддати якунланганини эълон қилди 

Ўзини Афғонистон президенти деб эълон қилган Абдулла Абдулла 11 март куни Ашраф Ғанининг президентлик ваколатлари муддати якунлангани ҳақидаги фармонни эълон қилди ҳамда миллий бирдамлик ҳукумати тугатилгани ва Ашраф Ғанининг фармонлари бошқа қонуний деб ҳисобланмаслигини маълум қилди. 

Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла / Фото: REUTERS

Абдулла Афғонистон президенти сайловларидаги ғалабасини тан олмаган Ашраф Ғанини “собиқ президент” деб атаган ва уни янги ҳукуматда биргаликда ишлашга чақирган.

Ўз навбатида Ғани ўз фармони билан Афғонистон ижро кенгаши ва бош вазир лавозимини тугатиб, бу тузилма бошқа йўқлигини маълум қилган.

Аввалги сайловларда 2019 йилдаги сайловлардаги каби Ғанининг президент лавозими учун асосий рақиби Абдулла Абдулла бўлган. Ўшанда Ғани сайловларнинг 2-турида ғолиб деб эълон қилинган ва бу турли муносабатни келтириб чиқарган.

Шу сабабли мамлакатда норозиликлар бўлиб ўтган ва сиёсий инқирозни ҳал қилиш мақсадида миллий бирдамлик ҳукумати ташкил этилган. Ашраф Ғани президент лавозимини, Абдулла Абдулла эса махсус ташкил этилган ижро ҳокимияти раҳбари лавозимини эгаллаган. 

Айни вақтда эса Афғонистонда сиёсий вазият ўта кескин тус олган ва таъкидланишича, кичик бир хато ҳам сиёсий гуруҳлар ўртасидаги қонли тўқнашувлар бошланишига олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид