ЎзФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда биологик деҳқончилик аҳамияти ҳақида гапириб, бу борада ўз фикрларини айтиб ўтди. Олимнинг қарашларига кўра, биологик деҳқончиликка ўтиш учун қатор сабаблар бор ва бугунги кунда долзарб бўлиб турибди.

«Қишлоқ хўжалик экинларини зарарли микроорганизмлардан ҳимоя қилишнинг кимёвий ечими йўқ»

Биологик деҳқончилик нима?

Биологик деҳқончилик ноанъанавий деҳқончилик ҳисобланиб, унда айрим организмлар, жумладан, микроорганизмларнинг биологик хусусиятлари ва улар ҳосил қиладиган табиий бирикмаларни деҳқончиликда қўллаш тушунилади.

Микроорганизмлар жуда кўплаб хусусиятларга эга. Жумладан, ўсимликларни энг муҳим ҳисобланган азот ёки фосфор билан таъминлаш қобилияти мавжуд. Ўсимлик илдизларида ҳаводаги молекуляр азотни биологик азот (биоазот)га айлантириб бера оладиган жуда кўплаб бактериялар яшайди. Улар умумий ном билан азот ўзлаштирувчи бактериялар деб номланади. Тупроқда бу бактериялар қанчалик кўп бўлса тупроқ шунчалик унумдор, ҳосилдорлик шунчалик юқори бўлади.

Хорижда бу бактериялар асосида тайёрланган кўплаб биоўғитлар кенг қўлланилади. Масалан, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, АҚШ ёки Европа давлатларида азот ўзлаштирувчи бактериялар асосидаги биоўғитлар узоқ йиллардан бери ишлатилади. Биргина Хитой тажрибасини олайлик. Хитойнинг айрим ҳудудларида пахтадан гектарига ўртача 70-80 центнер ҳосил олинади. Сабабларига тўхталсак, биринчидан, зич экилади, иккинчидан, минерал ўғитлар билан бир қаторда биоўғитлар кўп қўлланилади.

Пахта етиштирадиган АҚШ, Миср ёки Австралияда ҳам биоўғитлар минерал ўғитлар билан биргаликда қўлланилади. Бангладеш, Ҳиндистон ёки Вьетнамда фермерлар фақат биоўғитлар ёрдамида ҳосил олишлари маълум.

Биологик ўғитларнинг афзал томони – уларнинг ўта арзонлиги, экологик муқобиллиги ва тез таъсир этишидир. Бундан ташқари, биоўғитлар минерал ўғитларнинг ўсимликка тез сингиши ёки ўзлашишига катта ёрдам беради. Тажрибадан маълум, NPKнинг 10-15 фоиз меъёри ва биоўғит суспензияси ёрдамида буғдой ёки пахтадан анъанавий усулга қараганда икки марта кўп ҳосил олиш мумкин.

Биоўғитларнинг яна бир афзал томони – улар тупроқларнинг биологик потенциали ва ҳолатини тиклайди. Бунинг сабаби оддий: асосан, тупроқ таркибидаги фойдали микроорганизмлардан тайёрланади. Худди ўша микроорганизмнинг бир ҳужайраси миллиард мартагача кўпайтирилиб, тупроқнинг ўзига қайтарилади. Тушуниш учун биргина мисол келтириш мумкин. Айтайлик, тупроқда азот ўзлаштирувчи битта ҳужайра бор. Ўша ҳужайра бир молекула азотни олиб ўсимликка беради. Биз эса худди ўша ҳужайрани миллиард марта кўпайтириб тупроққа қайтарамиз. Демак, ҳаводан миллиард молекула азот ўзлашиб биологик азотга айланади ва ўсимликка етказилади.