Ўзбекистон | 14:02 / 25.03.2020
3053
2 дақиқада ўқилади

Фан олимпиадалари вилоят босқичи карантин туфайли қолдирилди

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Умаров мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадаларининг вилоят босқичи қолдирилишини маълум қилди.

«Махсус комиссия қарори ва Ҳукумат томонидан қабул қилинган «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (23 март 2020 й 176-сонли) қарорига мувофиқ, барча тадбирлар, жумладан 23-28 март кунларига режалаштирилган фан олимпиадалари ҳам қолдирилди. Таътил даври тугаганидан сўнг ўқув жараёнларига таъсир қилмаган ҳолда фан олимпиадалари ўтказилади. Бу ҳақда албатта ота-оналар ва ўқувчилар ҳамда педагоглар қўшимча равишда хабардор қилинади», деди Анвар Умаров.

У мактабда фаолият юритаётган ходимлар ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарилаётгани ҳолатига ҳам изоҳ берди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги Фармонида белгилаб берилганидек, боғча ёки бошланғич синф ёшида бўлган фарзандларига уйда қараб туришлари учун лавозимидан қатъи назар меҳнат таътили берилади. Бунинг учун уларга барча шароитлар яратилиши шарт.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 176-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирининг 2020 йил 24 мартда тегишли буйруғи қабул қилинди.

Ходимларни (мактаб директори ёки ўринбосарларидан бири, қоровулдан ташқари) меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш белгиланди», дея вазирлик расмийсининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид