Ўзбекистон | 00:30 / 29.03.2020
72181
3 дақиқада ўқилади

Хайрулла Бозоров: «Ҳою ҳавас бир оилага қанчалик қимматга тушганини ҳаммамиз кўриб турибмиз»

1 мартдан 27 мартгача Ўзбекистонга хорижий давлатлардан Наманган вилоятининг 31 мингга яқин фуқароси кириб келган. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров вилоят аҳолисига мурожаатида айтиб ўтди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, жумладан, Туркиядан 900, Саудия Арабистонидан 497, Бирлашган Араб Амирликларидан 219, Корея Республикасидан 192 нафар киши келган. Вилоятнинг 6 нафар фуқаросида коронавирус касаллиги аниқланган.

Хайрулла Бозоров мурожаатида умра зиёратига бориб келган қизидан коронавирус юқтириш натижасида вафот этган 72 ёшли онахон ҳақида ҳам сўз юритди. 

«Бу оиланинг барча аъзолари карантинга олинган. Онахоннинг жанозасида, дафн маросимида бирорта ҳам оила аъзолари, бирорта ҳам яқинлари иштирок этгани йўқ. Жанозани ҳам, дафн маросимини ҳам махсус СЭС ходимлари, шифокорлар томонидан қабристонда дафн маросими ўтказиб келинди. Бу ҳолат менга жуда қаттиқ таъсир қилди», - деди у.

Ҳоким карантин қоидаларига қатъий амал қилмаслик ёмон оқибатларга олиб келишини эслатди.

«24 февралда ҳукуматимиз томонидан умра сафарига бориш вақтинча тўхтатилганди. Аммо бу опахонимиз ҳою ҳавас қилиб, бошқа йўллар билан, Туркия орқали умрага борган. Мана шу ҳою ҳавас бу оилага қанчалик қимматга тушганини кўриб турибмиз. У онасидан ташқари, синглиси, қизи, набирасига ҳам ушбу касалликни юқтирган. 

Бундан ташқари, аниқлашимизча, зиёратдан келган аёлни кўргани 231 нафарга яқин қўни-қўшнилари, қариндошлари келган, у билан мулоқотда бўлган. Ҳозирда уларнинг барчаси текширувдан ўтказилмоқда. Худодан сўраймиз, уларга бу касаллик юқмаган бўлсин.

Афсуски, кўп фуқароларимиз бу касалликнинг юқумли эканлигини, махсус комиссия қўйган карантин талаблари, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияларни тушуниб етмаяпти.

Шунча тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётганига, турли йиғилиш ва маросимлар ўтказиш тақиқланганига қарамасдан, олий маълумотли икки нафар фуқароларимиз Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманига курсдошлар учрашувига борган. Бу ерда Фарғона, Андижон, Наманган вилоятидан келган собиқ курсдошлар кун давомида бирга бўлишган. Улар орасида Андижондан келган коронавирус юқтирган уч нафар фуқаро ҳам бўлган. Оқибатда ана шу учрашувда бўлган барча қатнашувчилар эндиликда карантинга олинди. Ҳозирда улар текширилмоқда. Наманганлик икки фуқаро ҳам карантинда, таҳлил натижалари чиқишини кутяпмиз.

Энг ачинарлиси, улар учрашувдан келиб, яна 47 киши билан мулоқотда бўлган. Тасаввур қилинг, икки киши касаллик юқтириб келиб 47 кишига юқтирса, 47 киши оила аъзоларига юқтирса нима бўлади?», - деди Хайрулла Бозоров.

Вилоят ҳокими коронавирус пандемиясига қарши курашишнинг энг самарали усули карантин, яъни уйдан чиқмаслик эканлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Наманган шаҳрида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди. 12 март куни Туркияинг Истанбул шаҳридан келган ва уй карантинига олинган аёлнинг 72 ёшли онаси коронавирус ташхиси қўйилганидан кейин миокарддан вафот этган.

Наманган вилоят ҳокими вилоят марказида 28 мартдан бошлаб 5 апрелгача барчага таътил берилишини маълум қилди.

Мавзуга оид