Россия қўшинлари 17 сентябр, пайшанбага ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга кенг кўламли ракета ҳужумини амалга оширди. Бу ҳақда Deutsche Welle Украина расмийларига таяниб хабар берди.

Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида камида 12 киши жароҳатланган. Улар орасида 10 ва 12 ёшли икки бола ҳам бор. Жабрланганларнинг тўққиз нафари шифохонага ётқизилган.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти кейинроқ жароҳатланган 10 ёшли бола қиз эканини маълум қилди.

Ҳужум оқибатида Украина пойтахтининг бир нечта туманида биноларга зарар етган. Шаҳар ҳарбий маъмуриятига кўра, Соломенский ва Днипро туманларида омборхоналар шикастланган. Днипро туманида турар жой биносига ҳам зарар етган.

Кличконинг маълумотларига кўра, шу тумандаги уч қаватли офис биносининг фасади ва ойналари шикастланган. Бир нечта турар жой биносининг деразалари синган. Святошинский туманида эса нотурар жой биноси зарар кўрган.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Голосеевский туманидаги тўрт қаватли олий таълим муассасаси биносининг фасади ва ойналари ҳам шикастланганини билдирди. Қайси олийгоҳ экани очиқланмаган. Ушбу ҳодисада ҳалок бўлган ёки жароҳатланганлар қайд этилмаган.

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари 17 сентябрга ўтар кечаси Киев томон ракеталар ҳаракатланаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Одессада тўрт ёшли бола жароҳатланди

Худди шу кеча Россия Одессага ҳам ҳужум қилди. Одесса шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг маълум қилишича, зарба оқибатида камида уч киши жароҳатланган.

Жабрланганлар орасида тўрт ёшли бола ҳам бор. Лисакнинг билдиришича, уларнинг барчасига зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари ҳужум натижасида Одессада кўп қаватли бино ҳам шикастланганини маълум қилди.

Сумида бир киши ҳалок бўлди

Бундан ташқари, 16 сентябр куни кечқурун Россиянинг Суми шаҳрига авиаҳужумлари оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна тўққиз киши жароҳатланган. Жароҳатланганлар орасида икки нафар бола бор.