Наманганда жамоат автобусида ўзига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилинган 19 ёшли қизга нисбатан чиқарилган суд қарори бекор қилинди. Апелляция инстанцияси унинг эркакни урган ҳаракатларини зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган, деб топди. Бу ҳақда Наманган вилоят судлари телеграм канали хабар берди.
Ҳодиса 2026 йил 27 июль куни содир бўлган. 67 ёшли эркак жамоат автобусида қизнинг сон қисмидан ушлаб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган. Қиз эса бунга жавобан эркакни урган.
Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган. Унга БҲМ икки баравари — 824 минг сўм миқдорида жарима тайинланган. Қайд қилиш жоиз, ушбу моддада жазо чоралари БҲМ 2 бараваридан 5 бараваригача жарима ёки 5 суткагача маъмурий қамоқни назарда тутади, яъни суд эркакка энг енгил жазо берган.
Қиз эса МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисми (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш) бўйича айбдор деб топилиб, унинг енгиллаштирувчи ва шахсий ҳолати инобатга олинган ҳолда БҲМ ярим баравари — 206 минг сўм жаримага тортилган.
Қиз биринчи инстанция суди қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти берган. 12 август куни шикоят Наманган вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди.
Апелляция суди қизнинг эркакка нисбатан қилган ҳаракатлари «зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган», деган хулосага келди. Шу асосда унга оид маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддаси 4-бандига мувофиқ тугатилди.
Шу билан бирга, апелляция инстанцияси эркакка нисбатан тайинланган жазони ҳам қайта кўриб чиқди. Суд биринчи инстанция А.Н.га жазо тайинлашда унинг ҳуқуқбузарлиги ижтимоий хавфлилигини етарлича ҳисобга олмаган, деган хулосага келган.
Натижада суд қарорининг А.Н.га оид қисми бекор қилиниб, унга нисбатан оғирроқ жазо тайинланди. Бироқ суд томонидан А.Н.га қандай янги жазо тайинлангани очиқланмаган.











