Айни пайтда кенг тарқалган коронавирус сабаб тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақаси - Олимпия ўйинлари 2021 йилга қолдирилди. Бу ўз навбатида Ўзбекистон бокс федерацияси режаларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Шу сабабли Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати федерация раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов билан бир қатор масалалар юзасидан суҳбат уюштирди. Интервьюнинг асосий қисми билан танишинг.

- Сакен Джетибаевич, вақт ажратиб интервью беришга рози бўлганлигингиз учун раҳмат айтамиз. Анча саволлар йиғилиб қолганди. Фурсатдан фойдаланиб, Токио Олимпиадаси учун 7 та лицензия қўлга киритилгани билан муборакбод этамиз.

- Раҳмат. Ҳа, Иорданияда ўтказилган лицензион турнирдан 7 та йўлланма билан қайтдик. Бу натижаларнинг замирида жуда кўпчиликнинг меҳнати ётибди. Спортчиларимиз уддалашди.

 Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонда боксни ривожлантириш учун шароит яратиб бераётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мамлакатимиз раҳбарининг спортга, хусусан боксга бўлган қизиқиши бизни янада руҳлантиради. Ёдингизда бўлса, 2019 йили Екатеринбургда ўтказилган жаҳон чемпионатидан сўнг юртбошимиз бизни шахсан ўзлари қабул қилгандилар. Насиб қилса, яқин келажакда Ўзбекистонда боксни ривожлантиришга оид фармойиш чиқади. Бундан ташқари, мусобақалар, йиғинлар ўтказиш учун шароит яратиб бераётган Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига, шуниндек, ҳомийларимиз - Ўзбекистон темир йўллари АЖ, “PEPSI”, “BUKA” ва “Orient Finans Bank” каби ташкилотларга ҳам раҳмат айтамиз.

 - Айни пайтда юзага келган коронавирус пандемияси туфайли барча спорт турлари, шу жумладан бокс федерацияси режаларига ҳам ўзгартириш киритилган. Ушбу масала юзасидан қандай маълумот бера оласиз?

- Дарҳақиқат, ушбу хавфли коронавирус сабабли режаларимиз ўзгариб кетди. Яхши биласиз, Амманда ўтказилган лицензион турнирда Токио Олимпиадасига 7 та йўлланма қўлга киритгандик. Қолган вазнларда Парижда ўтказиладиган лицензион мусобақа орқали Олимпиада чипталарига эга чиқмоқчи эдик. Бу борада Франция пойтахтидаги мусобақа учун жиддий режа ишлаб чиқилганди. Бундан ташқари Токио Олимпиадаси йўлланмасини нақд қилиб қўйган чарм қўлқоп усталаримизнинг тайёргарлик режасида ҳам ўзгариш бўлди.

- Йигитларимиз 8 та вазн тоифасида 6 та лицензия қўлга киритишди. Бу Ўзбекистондек бокс державаси учун қониқарлими?

- Тўғри, биз 8 та вазнда лицензияни Осиё квалификацион мусобақасидаёқ қўлга киритмоқчи эдик. Мусобақа бошлангунга қадар -75 кг вазн тоифасида Бектемир Мелиқўзиев баҳсларга тайёрланди. Лекин, айрим сабабларга кўра лицензион мусобақада Бектемир Мелиқўзиев иштирок эта олмайдиган бўлиб қолди. Унинг ўрнига Аммандаги йиғинни якунлаб Ўзбекистонга қайтиб кетаётган Фанат Қаҳрамонов ярим йўлдан, аниқроғи Истанбулдан яна Иорданияга мажбуран чақириб олинди. Афсуски, олдимизда шундай вазият юзага келди. Фанат қайтганидан сўнг бир ярим кун ичида 6 килограмм вазн ҳайдашига тўғри келди. Спортчилар жуда яхши билишади - бу осон иш эмас. Шундай бўлса-да, у мусобақада икки рақибини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. Якунда барибир ушбу жараёнлар боксчимизга ўз таъсирини кўрсатди, у жисмоний томонлама тиклана олмади. Аслида яхши биласиз, Қаҳрамонов ҳам иқтидорли боксчи.