Жаҳон | 14:58 / 11.04.2020
19074
2 дақиқада ўқилади

COVID-19 пандемияси дунё мамлакатларида оилавий можаролар кўпайишига олиб келмоқда

Уйда қолиш чораларини жорий қилган мамлакатларда оилавий можаролар сони кескин ошмоқда. 

Фото: Esra Hacioglu/Anadolu Agency

Кўплаб мамлакатларда янги коронавирус тарқалишини секинлаштириш мақсадида ижтимоий ҳимояланиш чоралари татбиқ этилмоқда. Хусусан, Туркияда 65 ёшдан катталар ва 20 ёшдан кичиклар уйларини тарк этиши тақиқланган бўлса, бошқа ёшдагиларга ҳам имкони борича кўпроқ уйда қолиш тавсия этилди. 

Шу билан бирга, бошқа бир ижтимоий муаммони келтириб чиқармоқда. DW агентлигининг хабар қилишича, гарчи расмий рақамлар мавжуд бўлмаса-да, Туркияда уйда қолиш билан боғлиқ оилавий можаролар сони ортиб бормоқда. Эркаклар одатдагидан кўпроқ уйда қолганликлари сабабли, аёллар ва болалар ижтимоий зўравонликка дуч келмоқда. 

Хабарда таъкидланишича, оилавий можаролар коронавирус пандемияси тарқалиши боис бутун дунё бўйлаб сезиларли равишда ўсган. Жумладан, Хитой, Испания, Германия, Франция, Канада ва Австралияда бундай ҳолатлар кескин ошганлиги айтилмоқда. 

Шу билан бирга, Италияда оилавий жанжаллар ҳақидаги телефон қўнғироқлари сони 8-15 март кунлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55 фоизга пасайганини Италия парламент қўмитаси ҳисоботида келтирилади. Бироқ, бу оилавий жанжаллар камайганини англатмайди, аксинча, зўравонлар қўнғироқ қилувчига шикоят қилишга имкон бермаслиги билан изоҳланади. 

Францияда эса, уйда қолиш чоралари жорий этилганидан буён оилавий можаролар сони 30 фоизга ортгани қайд этилган. Шу муносабат билан ҳукумат меҳмонхоналардан 20 минг ўринни банд қилишга мажбур бўлган. Испания ҳам шундай йўл тутишга қарор қилган. Канада бош вазири Жастин Трюдо 10 миллионлаб доллар маблағни аёллар нодавлат ноҳукумат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун ажратишга қарор қилди. Март ойида Австралия ҳукумати ҳам шу муаммони бартараф этиш қўшимча 100 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган. 

Бундан ташқари, Яқин шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида ҳам оилавий зиддиятлар кўрсаткичлари билан боғлиқ рақамлар ўсаётгани хабар қилинмоқда.

Мавзуга оид