Шу ва бошқа саволларга ойдинлик киритиш учун Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров билан суҳбат уюштирдик.

– Рўзимуҳаммад Абдуқаҳҳорович, бизга маълумки, сиз Халқ табобати ассоциацияси раиси бўлиш билан бирга шу соҳада докторлик даражасига эга Ўзбекистондаги ягона олимсиз. Айтинг-чи, соҳанинг кечаси, бугуни ва эртасига қандай баҳо берасиз?

Рўзимуҳаммад Хонназаров

– Халқ табобати соҳасининг ўтмиши ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг ўтмиши қоронғи эди, яъни хурофот сифатида қаралар, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган ва авлоддан авлодга ўтиб келаётган табобатга оид билим, тажриба ва кўникмалари эътибордан четда қолганди. Қисқача айтганда, табибларнинг эгаси йўқ, улар қаерга мурожаат қилишни билмас, қонунчиликда эса бўшлиқ бор эди.

 Соҳанинг бугуни президентнинг 2018 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан боғлиқ бўлди. Чунки бу қарор Ўзбекистон тарихида соҳани тартибга солишга қаратилган биринчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат эди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 10 апрелида давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» иккинчи қарори қабул қилинди. Бу қарор халқ табобатининг ҳуқуқий мақомини янги босқичга олиб чиқди. Чунки бугун халқ табобати мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида расмий мақомга эга бўлди. Содда қилиб айтганда, табиблар қонуний фаолият юритиши мумкин бўлди.

Истиқболларига келсак, бугун дунё мамлакатлари аҳолиси, асосан ривожланган давлатлар аҳолисининг табиий, арзон, зарари кам ва хавфсиз халқ табобати усуллари ва дори воситаларига қизиқиши ортиб бормоқда. Бизнинг диёримизда буюк табиблар ўтганини ва улардан улкан маънавий мерос қолганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Айни пайтда мамлакатимизнинг бу соҳада имкониятлари жуда катта. Масалан, республикамизда ўн мингдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини бўлса, ўртача олганда ҳар бир маҳаллада бир нафардан табиб фаолият юритаётган бўлса, уларнинг сони 10 мингдан ортади. Бу тиббиёт соҳасида катта куч ва имконият демакдир. Фақат биз бундан тўғри ва самарали фойдаланишимиз керак.

Тўрт мўътадил иқлимга эга мамлакатимиз ҳудудида ноёб табиий ҳолда ўсадиган доривор гиёҳлар бор, табиблар улардан самарали фойдаланиб келмоқда. Бугун хориждан келаётган меҳмонлар касалхоналардаги замонавий тиббий ускуналар ва жиҳозлар учун эмас, балки ноёб доривор гиёҳлар ва буюк Ибн Синонинг меросхўрлари бўлган табибларни қидириб келаётганига кўп гувоҳи бўляпмиз. Улар нафақат табибга, балки мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам сезиларли фойда келтириши мумкин.