Бугун Дональд Трамп коронавирусни нур ва дезинфекция воситалари билан даволашни таклиф қилиб, америкалик шифокорлар ғазабини қўзитди. Дунёдаги мусулмонлар Рамазон ойини карантин шароитида бошлашди, Швециядаги олимлар эса ўлим ҳолатлари ўса бошлагач, мамлакатнинг бош эпидемиологи истеъфосини талаб қилишмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари сони 2,8 миллиондан ошди, 196 мингга яқин киши вафот этди, 778,3 мингдан ортиқ киши тузалди.

BBC коронавирус пандемияси тўғрисидаги сўнгги янгиликларни келтиради.

АҚШдаги тиббиётчилар Дональд Трампнинг коронавирус инфекциясини даволаш бўйича маслаҳатларини хавфли деб аташмоқда. Оқ уйдаги ҳар кунги брифинг вақтида АҚШ президенти Covid-19 билан касалланган беморларга дезинфекциялаш воситалари билан уколлар қилиш, шунингдек, беморларни  иссиқ кунларда қуёш нури орқали даволаш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилган. Трампнинг сўзларига кўра, тадқиқотлар, оддий хлор 5 дақиқа ичида вирусни йўқ қилиши мумкинлигини кўрсатган.

Шундан сўнг кўплаб шифокорлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва ОАВ орқали америкаликларни Трампга қулоқ солмасликка чақириб, унинг қуёш ва дезинфекциялаш воситалари билан даволаниш ҳақидаги таклифлари мантиққа тўғри келмаслиги, қуёш нурида даволанишга уриниш куйиш, тери саратони ёки бошқа салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришди. Бу танқидларга жавобан Оқ уй вакили журналистлар Трампнинг сўзларини контекстдан юлиб олиб хабар тайёрлашганини айтиб, давлат раҳбари ўз чиқишларида ҳамиша шифокорларнинг тавсияларига амал қилишга чақириб келаётганини таъкидлади.

Бу вақтда АҚШ президентлиги учун демократлар партияси номзоди Жо Байден Дональд Трамп пандемиядан фойдаланиб, ноябрь ойидаги президентлик сайловларини қолдиришга уриниши мумкинлиги ҳақида гапирди.

GETTY IMAGES

АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони 50 мингдан ошиб кетди, мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 900 мингдан ошган. Қўшма Штатлар дунёда энг кўп қурбон берган давлат, аммо бу давлат аҳолиси ҳам (330 миллион киши) Европада коронавирусдан энг кўп жабрланган Италия ва Испания аҳолисидан сезиларли даражада кўпдир.

Италия пикдан ўтдими?