Kun.uz пандемия ва иқтисодий инқироз фаслларига оид турли хил соҳа вакиллари билан суҳбатлар ташкил қилмоқда. Кўрсатувнинг навбатдаги меҳмони Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмита раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорларга солиқ мажбуриятини турли кўринишда тўлаш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
– Кўпчилик одамлар, айниқса, тадбиркорлар ва хусусий сектор вакилларини пандемия ва ундан кейинги даврда солиқ мажбуриятлари ва солиқни қоплаш масаласи қизиқтиради ва шунга оид бўлган бир нечта саволлар таҳририятга келмоқда. Шулардан биринчиси: пандемия ва карантин чекловлари вақтида ишламай турган ҳолатда тадбиркорлар солиқ мажбуриятини қандай қоплайди?
– Биринчи навбатда тадбиркорлар сўзига аниқлик киритиб олиш керак. Агар якка тартибдаги тадбиркор бўлса, президентимизнинг 5978-сонли фармони билан фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлардан қатъий белгиланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ олинмаслиги белгиланган. Бундай жараён улар томонидан электрон тарзда хабардор қилиш орқали амалга оширилади. Агар тадбиркорлик субъекти ЯТТ бўлса, www.soliq.uz сайтида электрон имзо билан кирган ҳар бир тадбиркор учун имконият яратилган. Хабардор қилинган ойдан бошлаб қатъий белгиланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисобланмайди.
Айтайлик, мана шу ЯТТ буюм бозорида ишлайди. Биламизки, буюм бозори ёпиқ. Лекин, унинг электрон имзоси мана шу бозордаги дўконида қолган. Ўзининг уйи ундан 40-50 км узоқликда жойлашган. Бундай ҳолатларда нима қилиш керак, деган савол туғилади. Бу пайтда, биз шундай тавсияни берар эдикки, ЯТТ карантин очилганидан кейин ҳам хабарномасини, айтайлик, май ойида жўнатса, бундай тадбиркорлик субъектлари солиққа тортилмайди.

– Фақатгина ЯТТ бўлмасдан, МЧЖ ёки юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектлари қандай йўл тутади?
– Бундай ҳолатларда, юридик шахс сифатида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор норма ва меъёрлар белгиланди. Хусусан, бундай корхоналар учун ресурс солиқлари (ер, мулк ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ) ва пандемиягача бўлган қарздорликларни ундириш, шунингдек, пеня ҳисоблашни тўхтатиб туриш бўйича норма киритилган.















