Visual Capitalist тайёрлаган инфографика мамлакатлар ва ҳудудларни номинал ялпи ички маҳсулот — ЯИМ ҳажми бўйича таққослайди. Кўрсаткичлар бир йилда ишлаб чиқариладиган товарлар ва хизматлар қийматини жорий нархларда, бозор валюта курслари бўйича АҚШ долларида ифодалайди.

АҚШ ва Хитойнинг қолган давлатлардан фарқи катта

АҚШ ҳиссасига жаҳон ЯИМнинг тахминан чораги тўғри келади. Унинг иқтисодиёти ҳажми Германия, Япония, Буюк Британия, Ҳиндистон ва Франциянинг жами кўрсаткичидан ҳам юқори.

Иккинчи ўриндаги Хитой иқтисодиёти эса рейтингда учинчи бўлган Германияникидан тўрт баравардан зиёд катта.

Осиёда Хитой ва Япониядан ташқари ҳам йирик иқтисодиётлар мавжуд. Жумладан, прогнозда:

  • Ҳиндистон ялпи ички маҳсулоти — 4,06 триллион доллар;
  • Жанубий Кореяники — 2,25 триллион доллар;
  • Индонезияники — 1,48 триллион доллар деб баҳоланган.

Ҳиндистон ва Индонезия улкан истеъмол бозорлари билан ажралиб турса, Жанубий Корея кучли саноат базасига эга.

Бразилиянинг 2,65 триллион долларлик иқтисодиёти Жанубий Америка умумий кўрсаткичининг қарийб ярмини ташкил этади. Австралия эса 2,11 триллион долларлик ЯИМ билан Океания иқтисодиётининг асосий қисмини шакллантиради.

АҚШда сунъий интеллектга сармоялар ўсишни рағбатлантирмоқда

АҚШда сунъий интеллект соҳасига инвестициялар кўпайиши серверлар, дастурий таъминот, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва энергетика инфратузилмасига талабни оширмоқда.

Илғор сунъий интеллект моделларини ўқитиш ва ишлатиш катта ҳисоблаш қувватларини талаб қилади. Бу тегишли ускуналарни ишлаб чиқарувчи ва инфратузилма қураётган компаниялар учун янги имкониятлар яратмоқда.

Истеъмол харажатлари ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватламоқда. Келтирилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг иккинчи чорагида АҚШ иқтисодиёти инфляция ҳисобга олинган ва йиллик суръатга келтирилган ҳисобда 2,2 фоиз ўсган. Бунда уй хўжаликлари харажатлари, инвестициялар ва экспорт ҳисса қўшган.

Сунъий интеллектга сармоялар АҚШдан ташқаридаги ишлаб чиқарувчиларга ҳам таъсир қилмоқда. Компютерлар, серверлар ва яримўтказгичларга талаб Осиёдаги етказиб берувчилар экспорти ҳамда янги корхоналар қурилишини рағбатлантирмоқда.