Жаҳон иқтисодий форуми сайтидаги мақолада дунёда кузатилаётган интернет билан боғлиқ вазият ҳақида сўз боради.

Мактаб ўқувчиларидан тортиб офис ходимларигача ўз фаолиятини уйда давом эттиришга мажбур бўлиши натижасида интернет ҳамманинг нажоткорига айланди. Бироқ бир вақтнинг ўзида дунёда интернетга уланиш имкони йўқ миллиардлаб одамлар ҳам бор.

Рақамли бўлиниш пандемия пайтида юзага чиқаётган тенгсизликларнинг шунчаки биттаси холос. Бироқ энг ажабланарлиси шундаки, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам интернет тезлиги биз ўйлагандан кўра пастроқ.

Ҳозир АҚШ аҳолисининг 6 фоизида (21 млн киши) юқори тезликдаги интернет алоқаси йўқ. Автралияда эса бу кўрсаткич 13 фоизни ташкил қилади. Ҳаттоки дунёнинг энг бой давлатларида ҳам ҳаммани интернет билан таъминлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, дунё миқёсида оилаларнинг ярмидан кўпроғи – 55 фоизи интернет алоқаси билан таъминланган.

Ривожланган давлатларда оилаларнинг 87 фоизи, ривожланаётган давлатларда 47 фоизи интернетга улана олса, кам тараққий этган давлатларда эса 19 фоиз оилада бундай имкон бор.

Офлайн дунё

Умумий ҳисобда 3,7 миллиард одамнинг интернетга уланиши имконсиз. Уларнинг аксари – камбағал давлатлар фуқаролари ва COVID-19 билан қандай курашиш кераклиги бўйича маълумотга энг муҳтож қатлам вакиллари.

ЖССТ маълумотларига кўра ҳам, камбағаллар ва мигрантлар вирус юқтириб олиш хавфи энг юқори гуруҳларни ташкил қилади.